Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Аллюр” от спорти клубида от спорти бўйича Жаҳон кубогининг Марказий Осиё лигаси I саралаш босқичи бошланди.
Халқаро от спорти федерацияси (FEI), Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда мамлакатимиз от спорти федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада эллик нафарга яқин спортчи ғолиблик учун баҳслашмоқда.
Мусобақанинг шахсий беллашувларида чавандозлар конкур – тўсиқлардан от сакратиш йўналиши бўйича баҳслашмоқда. Мусобақа доирасида анъанавий “Миллатлар кубоги” жамоавий баҳслари ҳам ўтказилади.
Мусобақанинг дастлабки куни чавандозлар 130 сантиметр баландликдан от сакратиш бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Тажрибали спортчимиз Иброҳим Йўлдошев “Бек” лақабли тулпорида 58,69 сония натижа қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади. Ғайрат Назаров “Солист” лақабли отида 60,84 сония натижа билан иккинчи ўринни эгаллади.
Маълумот учун: Сўнгги йилларда юртимизда бошқа спорт турлари қатори от спорти ҳам жадал ривожланмоқда. Хусусан, пойтахтимизда от спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби, Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд вилоятларидаги спорт мактаблари, от спорти клубларида ёш чавандозлар мазкур спорт турини ўрганмоқда.





