АсосийJamiyat

Тошкентда жиноятчиликка қарши кураш мавзуси муҳокама этилди

Пойтахтимизда 20-21 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, “Минтақавий мулоқот” (“Regional Dialogue”) халқаро нодавлат ташкилоти (Словения)нинг мамлакатимиздаги филиали ҳамкорлигида “Қонунийликни таъминлашнинг замонавий  шакллари, услублари, ва механизми: Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси” мавзусида тадбир ўтказилди.

Унда мамлакатимиздаги тегишли вазирликлар, идоралар, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари мутасаддилари, маҳаллий ва хорижий экспертлар, олий ўқув юртлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси ўринбосари Светлана Ортиқова, Бош прокуратуранинг коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи ўринбосари Евгений Коленко, Адлия вазирлигининг жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси бошлиғи Хуршид Худойбердиев юртимиздаги суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада қўлга киритилаётган ютуқлар хусусида тўхталиб ўтдилар.

Шунингдек, “Региональный диалог” ХНТ раиси Мьюша Север, АҚШнинг Массачусетс штати олий суди судьяси Роберт Корди, ҳуқуқ тизими бўйича словениялик халқаро эксперт Драго Кос қонунийликни таъминлаш, коррупцияга қарши кураш борасидаги халқаро тажрибалар хусусида фикр алмашишди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда коррупция ва уюшган жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда бу иллатларга қарши курашиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо, тан олиш керакки, ҳали сайёрамиздаги энг ривожланган давлатларда ҳам бу муаммолар тўла-тўкис бартараф этилгани йўқ. Шу боис, ушбу тизимдаги муаммоларни биргаликда, баҳамжиҳат ҳал этиш, ўзаро тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этади.

Анжуман иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди. 

    Бошқа янгиликлар