Шакар баҳоси қимматлашишидан хавотирланиб, шаҳар аҳолиси айрим дўконларда навбат ҳосил қилиб, ғамлашга тушган. “Жамоатчилик назорати” гуруҳи иштирокчиларининг ёзишича, шакарнинг нархи ҳам кўтарилиб қолган. Жумладан, “Авиасозлар” бозорида 3 минг 900 сўмдан сотилмоқда. Ваҳоланки, аввалроқ 2 минг 900 сўмга сотилаётган эди, деб хабар беради uz24.uz нашри.
Сир эмас, ҳар йили баҳор-ёз мавсумида истеъмолчилар орасида шакар билан боғлиқ хавотирлар бошланади. Ўтган йили бозорларимизда ушбу маҳсулотнинг сунъий танқислиги юзага келган, нархи эса икки баробар кўтарилган эди. Тошкентдаги йирик супермаркетларда шакарнинг ўртача нарх-навоси сақланиб қолган бўлса-да, бир оилага ёки бир киши бошига 2 килограммдан ортиқ шакар берилмаган эди.
Истеъмолчилар орасида, шунингдек, Ўзбекистонда шакар “танқислиги” ушбу маҳсулотни ишлаб чиқарувчи завод ёпилиши билан боғлиқ, деган асоссиз гаплар ҳам тарқалган эди.
Ҳозирда республикамизда иккита – “Хоразм шакар” ҳамда “Ангрен шакар” заводлари ишлаб турибди.





