Фарғонада 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда пул мукофотларини тантанали топшириш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Президентимиз раҳнамолигида Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва меҳнат фронти фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш янгича маъно-мазмун билан бойиди. Бу жиҳатлар шу кунларда мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилаётган тадбирларда янада ёрқин намоён бўлмоқда.
Мазкур тадбирларни кўтаринки руҳда ўтказишда Президентимизнинг шу йил 6 мартдаги “1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги ва 2015 йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Вилоят туман ва шаҳарларидаги Хотира майдонлари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётир. Таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда фахрийларнинг ёшлар билан учрашувлари, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Фарғона шаҳридаги “1-Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ашир ота Дадажоновнинг хонадони ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида отахонни байрам билан табриклаб, “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ва пул мукофоти, вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди. 92 ёшни қаршилаган Ашир ота бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, яратгандан тинч-осойишта ва фаровон ҳаётимиз барқарор бўлишини сўраб дуо қилди.
– Президентимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор ва эъзоздан кўнглим тоғдек кўтарилди, – дейди уруш ва меҳнат фахрийси А.Дадажонов. – Уруш йилларининг қийинчиликларини эслаганимда тинч-осойишта, фаровон ўтаётган ҳар бир кунимизга шукроналар айтаман. Турли учрашувларда ёшларга ўтмиш хотираларим, ҳаёт тажрибам ҳақида сўзлаб, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш, давлатимиз томонидан яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишни насиҳат қиламан. Халқимизнинг, Юртбошимизнинг бу ғамхўрлиги белимга куч, кўзимга нур, ёшимга ёш қўшмоқда.





