“Мухлис ва юлдуз” лойиҳасининг галдаги меҳмони “Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев. У билан мухлисларидан бири Абдувосит Саримсоқов суҳбатлашди. Хонанда Отабек Муталхўжаев мухлиси тайёрлаб келган барча саволларга очиқчасига жавоб берди.
— Охирги пайтлар жуда суст ижод қилаётгандексиз...
— Қўшиқлар бор, ёзяпмиз, чиқаряпмиз. Аммо охирги пайтда сонга қараганда кўпроқ сифатга эътибор беряпмиз. Шунинг учун мухлислар назарида суст ижод қилаётгандек туюлгандирман.
— Отабек Муталхўжаевнинг севган қизи борми?
— Бор эди, у билан келиша олмадик... Бу ҳақда гапиргим йўқ...
— Сизнингча иделингиздаги рафиқа қандай бўлиши керак?
— Менинг тасаввуримдаги идеал аёл ўз уйини саранжом-саришта тутадиган, бир касбининг эгаси, ички ва ташқи дунёсини чиройлилигига эътибор берадиган, пазандалиги, уятчан, камгаплиги билан ажралиб туриши керак. Қисқаси гўзал ва рўзғорбоп бўлиш керак... (кулади).
— Ижодда аёл продюсер билан ишлаш қийин кечмаяптими?
— Бундан ўн икки йил олдин Ёдгор Мирзажоновнинг ижоди гуркираган пайтларда, продюсери Феруза Нодирова доим унинг ёнида бўлиши, интервьюларда ҳам қатнашишини кўриб, мени ҳам худди шунақа фақат моддий томонлама эмас, руҳан ҳам қўллаб-қувватлаб турадиган продюсерим бўлса, дея орзу қилардим. Йиллар ўтиб Феруза опа билан танишдим, мана бугунги кунгача ҳамкорликда ижод қилиб келяпмиз. Иш бор жойда албатта камчилик, келишмовчиликлар бўлиши табиий. Шу сабабли, баъзида урушиб қолиб, бир-икки кунлаб гаплашмай юрадиган пайтларимиз ҳам бўлади. Лекин бу узоққа чўзилмайди. Продюсеримдан кўп нарсани ўргандим. Ўзим бошловчилик соҳасига қизиқардим. Менга “25 кадр”да бошловчилик қилиш учун шароит яратиб бердилар.
— Санъаткорнинг ижоди қачон концерт беришга лойиқ бўлади деб ҳисоблайсиз?
— Санъаткор санъат соҳасида анча мунча хизмат қилган бўлсагина концерт бериши мумкин... Концерт бериш учун репертуарингизда халқ мириқиб тинглайдиган, ҳеч бўлмаса битта хит бўлган қўшиғингиз бўлиши керак. Шу битта қўшиғингизни тинглаш учун ҳам одамлар зални тўлдириб ўтириши мумкин. Қолаверса, санъаткор бир йилда камиди битта хит қўшиқ куйласагина, у концерт беришга ҳақли деб биламан.
— Айни дамда ўз ижодингизни концертга лойиқ деб ҳисоблайсизми?
— Қўшиқларим сони, сифати жиҳатидан концертга лойиқ бўлсада, айни дамда молиявий муаммолар туфайли бу масала ортга суриляпти... Агар ҳомий топилса, албатта концерт беришга тайёрман!
— Муниса Ризаева, Зиёда Қобулова, Райҳон Ғаниева. Сиз санъаткор ва холис кузатувчи сифатида улар рейтингини аниқлаб бера оласизми?
— Райҳон, Муниса, Зиёда... Аслида биринчи ўринга учаласи ҳам лойиқ. Тан олиб айтсак, ҳаммадан фаол ижод қилаётган санъаткорлардан бири бу — Муниса Ризаева. Лекин рейтингни инобатга оладиган бўлсак, Райҳонга биринчи ўринни бериш керак.
— Кўпчилик сизни ҳинд актёри Саиф Али Хонга ўхшатишади. Унга тақлид қиласизми?
— Ҳатто болалигимда ҳам мени Саиф Али Хонга ўхшатишарди. Мен ҳам унинг ижодига қизиқиб, “Қанийди, мен ҳам Саифдек машҳур бўлиб кетсам, мени ҳам ўз исм-фамилиям билан танишса”, деб унга ҳавас қилардим. Авлодимизда санъаткорлар кўп бўлишсада, лекин улар жуда машҳур бўлишмаган. Бугун улар мен билан фахрланишади...
— Сиз учун қайси услубда кийиниш қулайроқ?
— Шахсан мен классик услубда кийинишни ёқтираман. Ўзимга шу услуб кўпроқ ярашса керак, деб ўйлайман. Лекин бундай услубда кийиниб, фақат тадбир ёки тўй хизматларига кириб боришим мумкин. Кундалик ҳаётда кўпроқ спорт услубидаги либосларни маъқул кўраман. Охирги пайтларда эса бир оз улғайганимни ҳис қилган ҳолда жиддийроқ кийиниб юришни маъқул кўряпман.
— Сиз ҳақингизда тарқалган охирги миш-миш...
— Охирги куйлаган “Онамни йиғлатманглар” номли ашулам, унинг клипи ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Қўшиқ мусиқаси, унинг ғояси ҳам ўзимга тегишли. Сўзини эса қашқадарёлик бир шоир йигит ёзиб берган. Бу қўшиқни аввал бир мусиқий сайқалчи билан ёзган эдик. Унинг иши менга маъқул бўлмаганлиги, ҳали ёш ва тажрибасиз эканлиги сезилиб қолгани сабаб, бошқа бир мусиқий безакчи билан ишлашга тўғри келди. Чунки қўшиқни профессионал даражага етказишим керак эди. Алам қиладигани, қўшиқнинг хомаки нусхасини мусиқий безакчи билан биргаликда куйлагандим. У эса қўшиқнинг мен куйлаган қисмларига ўз овозини қўйиб, ашулани интернет сайтлари орқали тарқатиб юборди. Қўшиғимни бошқа мусиқий сайқалчи билан ишлаб, уни телеэкран орқали тақдим этган бўлсамда, лекин аламзада мусиқий безакчининг ишидан кейин бу қўшиқни мен гўё ундан ўғрилаб куйлагандек бўлиб қолдим... Миш-мишларни ҳам унинг ўзи тарқатган.
— Отабек Муталхўжаев қайси овқатни мустақил ҳолда ўзи тайёрлай олади?
— Таомларидан димлама, қовурдоқ тайёрлай оламан. Миллий таомлар орасида ошни яхши кўриб истеъмол қиламан. Ошни кунора бўлсада ейишни биламану, уни пиширишни билмайман.
— Сизни санъатнинг хонандалик, бошловчилик, ва актёрлик йўналишларида кашф этдик. Айтингчи, қайси йўналишда ижод қила олмайман деб ўйлайсиз ва сабаби?
— Ўзим нефть ва газ соҳасини битириб, 2005 дан 2006 йилгача шу соҳада, газ тўлдириш шахобчаларида ишлаганман. Ўша пайтларда ҳам қўшиқлар ёзиб, санъат соҳасига интилаётган эдим. Ишдаги раҳбарим ёнига чақириб ёки у ёки бу соҳани танла, деб шарт қўйганидан кейин нефть-газ соҳасини тарк этишга мажбур бўлганман. Қайси соҳада ижод қила олмаслигимни эса ўйлаб кўрмаган эканман...
— Нега устоз санъаткорларнинг ёрқин репертуарига мурожаат қилмагансиз? Масалан, улар куйлаган ретро қўшиқларни сиз ҳам қайта куйлаб кўришингиз мумкин-ку.
— Устоз санъаткорлардан Дониёр Тошмуҳаммедов, Фарруҳ Зокировлар репертуарига тўй хизматларида мурожаат қиламан. Бу қўшиқларни кенг мухлислар эътиборига тақдим этмаётганим сабаби, улар ўз қўшиқларини маромига етказиб куйлашган! Мен ҳали ўзимни улар даражасидаги санъаткор, деб ҳисоблай олмайман.
— Агар бирортаси билан дуэт этишга имкон туғилса...
— Дуэт айтиш учун Райҳонни танлаган бўлардим.
— Отабек Муталхўжаев охирги марта қачон йиғлади?
— Яқинда Ўзбек миллий академик драма театрида “Увайсий” спектаклини томоша иқлганимда йиғладим. Кинога қараганда театрда жонли спектаклни томоша қилишнинг ўзгача гашти бор.
— Мухлис ва санъаткор орасида чегара бўлиши керак, деб ўйлайсизми?
— Мухлислар билан қанча яқин бўлсак, шунча яхши. Лекин ҳамма нарсани ўзига яраш чегараси бор. Мухлислар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиш мумкин. Ёки альбом, клип тақдимотларида улар билан суҳбатлашишнинг гашти бор. Масалан, “Роббим” фан-клубимнинг фаол аъзоларидан бири ҳамма мухлисларимни мулоқотга улаб беради. Мен бу мулоқот учун бир соат вақт ажратиб, барча мухлисларим билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўламан. Бу мулоқот давомида мен ижобий ва танқидий фикрларни эшитаман.
— Келажакда санъат борасида ўз тажрибангизни ошириш учун нималарни режалаштиргансиз?
— Келажакда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида ўқиш ниятим бор.
— Ўзингизга ёқмайдиган фазилатингиз?
— Кўнгилсиз вазиятларни кўнглимга яқин оламан ва тез хафа бўлиб қоламан... Лекин мени хурсанд қилиш ҳам осон.
ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ:
Туғилган йили: 1984 йил, 18 июль, Тошкент шаҳри.
Мукофоти: 2007 йилда “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлган.
Репертуари: “Ойданда гўзал”, “Хазон”, “Излай-излай”, “Муҳаббатнинг ўзи бахт”, “Дилингман”
Фотомухбир ва оққа кўчирувчи
Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА





