Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирус тарқалган мамлакатлар сони 100 га етганини билдирмоқда, деб ёзмоқда “Америка овози” нашри. Унга кўра, Хитойдан кейин энг кўп ўлим ҳоллари Италияда қайд этилган – 233 та. Бу мамлакатнинг 16 миллион аҳоли яшовчи шимолий қисмида карантин эълон қилинди.
Бу дегани, Италия иқтисодиётини тебратувчи Ломбардия региони ва унинг маркази Миланда кучли чекловлар жорий этилган ва 3-апрелгача давом этади. Европада вирус ўчоғи бўлиб қолаётган Италияда касалланганлар сони 6000 га яқинлашмоқда.
Мамлакат бўйлаб музей, театр, кинотеатр, тунги клуб ва бошқа дам олиш масканлари ёпилади. Нафақадаги шикофорлардан хизматга қайтиб, касалларни даволашда кўмаклашиш сўралмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, коронавирус келтириб чиқарувчи CОВИД-19 инфекциясини юқтирганлар дунё бўйлаб 107 200 га етган.
Эпидемик вазият ўта оғир мамлакатлардан бири Эронда ўлганлар 194, касалланганлар 6655 нафарни ташкил этмоқда. Улар орасида парламентнинг 20 дан ошиқ аъзолари ва юқори лавозимдаги расмийлар ҳам бор. 24 соатда 49 киши вафот этган. Жанубий Кореяда эса касалланганлар 7300 дан ошган.
Хитойнинг Гуанжоу вилоятида CОВИД-19 беморларини карантинда сақлаш учун ишлатилаётган меҳмонхона қулаши оқибатида олти киши ҳалок бўлган.
AҚШда 29-февралда атиги бир бемор қайд этилган Қўшма Штатларда ҳозирда уларнинг сони 400 дан ошди, 19 киши оламдан ўтган. Илк касаллик ҳолатлари Вашингтон штатидаги қариялар уйида топилган эди.
Куни-кеча Вермонт, Миссури, Виржиния ва пойтахт Вашингтонда ҳам CОВИД-19 илк бор қайд этилди. Сан-Франсиско соҳилларида 3500 йўловчини олиб кетаётган круиз кемасида ҳам 21 кишида вирус аниқланган.
Президент Доналд Трамп йўловчиларни кемада ушлаб турган маъқул дейишига қарамасдан, уларни 9-март куни тушириб, карантинга олишга қарор қилинган.






