АсосийDunyo

Ит комадаги болани ҳаётга қайтарди

'Ит комадаги болани ҳаётга қайтарди'ning rasmi

Англиянинг Саутгемптон шаҳрида яшовчи Зои Рельфнинг сўзларига кўра, мия операциясидан сўнг маҳаллий шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётган 3 ёшли ўғли Лео лақабли ит туфайли соғайиб кетган. Бу ҳақда «Lenta.ru» га таяниб Хабар маълум қилди.

Оскар Хаскелл исмли болакай тарқоқ энцефаломиелитнинг ўткир тури билан оғриган. Бу кам учрайдиган мия касаллиги ҳисобланади. Боланинг кундан-кунга аҳволи ёмонлашаверганидан ота-онаси уни жарроҳлик столига ётқизишга мажбур бўлган. У ташқи омилларга реакция бермай қўйганди. Шифокорлар онасини ҳар қандай вазиятга тайёр туришдан огоҳлантиришди.

Тиббиёт ходимлари чорасиз қолган онага ўлим билан олишаётган ўғлини уй ҳайвонлари ёрдамида даволашни таклиф этишди ва Лео лақабли итни бола ётган палатага олиб келишди. Шифокорларнинг маслаҳати билан, онаси бола билан гаплашишга уринди, тузалганидан сўнг унга кучукча совға қилишни ваъда берди. Ит панжасини болакайнинг қўлига қўйганда операциядан кейин тезлашиб қолган пульс бирдан меъёрлашган.

«Нақадар ажойиб! Шифокорлар ҳўнг-ҳўнг йиғлашди, бу мўъжизанинг ўзгинаси эди. Боланинг юзида ҳаракатдан асар ҳам қолмаганди, у миқ этмай қимирламай ётарди. Бирдан чеҳрасига табассум югурди», — деб эслайди Рельф. 

Шунга ҳам тўрт йил бўлибди. Ҳозир Оскарнинг аҳволи анча яхши. Онаси бўлиб ўтган воқеани ҳамон эслаб, ҳаммага айтиб бериб юради.

Бошқа янгиликлар