Қўшни давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон)дан ўқишини Ўзбекистонга кўчиришга ариза топширган талабалар диққатига!
Давлат қабул комиссиясининг 2020 йил 28 февралдаги 13-сон баёни билан 36 минг 400 нафардан кўпроқ талабага ўқишини 80 та ОТМга кўчиришга рухсат берибди.
Демак, ариза топширишда Сиз тавсия этилган олий таълим муассасаси билан боғланишингиз мумкин.
Агар ҳудудий ишчи гуруҳга талаб қилган ҳужжатларни тўғри ва тўлиқ топширган бўлсангиз, Давлат комиссияси баёни билан Сизга рухсат берилган.
Олий таълим муассасалари ректорлари бир ҳафта муддатда ўқишини кўчиришга рухсат берилган талабаларга ўқишда қатнашишларига рухсат бериш бўйича фармойишларни расмийлаштиришлари керак.
Эслатма!!!
Қуйидаги ҳолатларда қўшни давлатлардан ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди:
*Қўшни давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган ОТМларида ёки уларнинг филиалларида ўқиётган талабалар;
* Қўшни давлатларнинг ОТМларида камида бир семестр мобайнида ўқишни давом эттирмасдан, бошқа давлатларнинг (хусусан, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар) ОТМларидан ўқишни ўқув йилининг ярмида кўчириб ўтган талабалар;
* Қўшни давлатларнинг ОТМларида масофавий таълим шакли бўйича ва онлайн тарзда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди.
Айтганча, қўшни давлатлардаги ОТМлардан республика ОТМларига ўқишни кўчириш ФАҚАТГИНА ЖОРИЙ ЙИЛДА Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда амалга оширилади, дейилган Таълим хабарлари каналида.






