АсосийJamiyat

ЎзЛиДеП депутутлар гуруҳи Миришкор тумани ҳокимини лавозимига нолойиқ деб хулоса берди

'ЎзЛиДеП депутутлар гуруҳи Миришкор тумани ҳокимини лавозимига нолойиқ деб хулоса берди'ning rasmi

Маълумки, шу йилнинг 28 февраль кунги йиғилишда Б.Ражабов маҳаллалар раисларини жуда қўпол сўзлар билан ҳақоратлаган аудиоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди ва жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Аудиоёзувда ҳоким йиғилиш иштирокчиларини пул тушумларини ўз вақтида таъминламагани учун турли сўзлар билан ҳақоратлагани эшитилади.

Халқ депутатлари Миришкор тумани кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Партия вилоят кенгаши аъзолари ҳам иштирок этган ушбу йиғилишда туман ҳокими, партиядан туман кенгашига сайланган депутат Бахтиёр Ражабов билан боғлиқ вазият муҳокама қилинди.

Депутатлик гуруҳи йиғилишда мазкур ҳолат юзасидан кескин фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ҳокимнинг ушбу хатти-ҳаракати инсон шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовуз сифатида баҳоланди. Депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан бундай ҳатти харакатлари билан Б.Ражабов нафақат Қашқадарё вилояти номига, балки туман кенгашига O‘zLiDePдан сайланган депутат сифатида партия номига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганлигини алоҳида таъкидладилар. O‘zLiDeP раҳбар ҳар ишни қонун доирасида бажариши, агар ҳокимнинг қонуний талабини бажармайдиганлар бўлса, уларга ҳақоратлаш, шахсиятига тегиш йўли билан эмас айнан қонун доирасида чора кўриши лозим деб ҳисоблайди. Бу каби ҳолатларни эса кескин қоралайди. Зеро, бугунги кун ҳокими ўз иши билан, сўзи билан, хулқ-атвори билан барчага ўрнак бўлиши шарт. Шиддат билан кечаётган ислоҳотлар шуни талаб этади. Энг муҳими, ҳеч ким ўз ҳатти-харакатлари билан ислоҳотларга соя солиши мумкин эмас, бундайларга сафимизда ўрин йўқ!

Депутатлар ушбу масалада ўзларининг кескин фикрларини баён қилиб, Б.Ражабов  эгаллаб турган лавозимига мутлақо нолойиқ деб ҳисоблашларини ва туман хокими билан боғлиқ масалани туман сессиясида кўриб чиқиш учун киритиш ва унда ушбу масалага нисбатан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг қатъий муносабатини билдириш лозимлиги борасида таклифларини ўртага ташладилар. 

Кўрилган масалалар юзасидан депутатлик гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла раисларини сўккани ва ургани ҳақидаги аудио тарқалди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бу овоз ҳақиқатдан ҳам Миришкор тумани ҳокими Б.Раджабовнинг овози эканлигини тасдиқлади

Шунингдек, Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича текширувлар бошланганини маълум қилди.

Шундан сўнг, сўконғич ҳоким ҳолатни изоҳлаб, маҳалла раисларини урганини рад этди.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилаётган мазкур воқеага блогер Хушнуд Худойбердиев ҳам ўз муносабатини билдирди. Шунингдек, ҳаддидан ошган ҳоким депутат Расул Кушербаев томонидан ҳам  кескин танқид қилинди.

Сал аввал, Миришкор тумани ҳокими маҳалла раисларидан узр сўрагани хабар қилинган эди.

    Бошқа янгиликлар