Чилонзор туманидаги 184-умумий ўрта таълим мактабида ноқонуний пул йиғимлари бўлаётгани ва бу бўйича кўрилган чора юзасидан Халқ таълими вазирлиги Матбуот котиби маълум қилди.
Келтирилишича, Чилонзор туман халқ таълими бўлими томонидан мазкур ҳолат ўрганилди ва ўрганиш натижасида 184-умумий ўрта таълим мактабининг 2-“В”, 8-“Б”, 10-“Г” синфларида байрам муносабати билан пул йиғимлари йиғилаётганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат бўйича мактаб директори Л.Г.Рамазоновадан тушунтириш хати олинди ва пул йиғимлари аниқланган синф раҳбарлари Л.Шаймуҳаметова, Э.Гилдиева ва Г.Раҳмоноваларга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Юқорида кўрсатилган ҳолатни олдини олиш мақсадида Чилонзор туман халқ таълими ходимлари, мактабнинг педагог ходимлари ва Кузатув кенгаши аъзолари иштирокида “Ноқонуний пул йиғимлари”ни олдини олиш мавзусида навбатдан ташқари директор ҳузурида йиғилиш ўтказилди, дея изоҳ берган Чилонзор тумани ХТБ.






