АсосийJamiyat

Миришкор ҳокими депутатни ҳам ургани айтилди. Ҳоким эса вазиятни бошқача изоҳламоқда

'Миришкор ҳокими депутатни ҳам ургани айтилди. Ҳоким эса вазиятни бошқача изоҳламоқда'ning rasmi

Хабарингиз бор, кеча, 2 март куни Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла раисларини сўккани ва ургани ҳақидаги аудио тарқалди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бу овоз ҳақиқатдан ҳам Миришкор тумани ҳокими Б.Раджабовнинг овози эканлигини тасдиқлади

Шунингдек, Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича текширувлар бошланганини маълум қилди.

Журналист Отабек Қўлдошев Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов билан учрашди. 

Раҳбар ижтимоий тармоқларда тарқалган овоз унга тегишли эканлигини тан олиб, мазкур қилмишини маҳалла раисининг нописанд муомаласи билан изоҳлади. 

— Маҳалла раисларидан бири берилган топшириқни бажармаганди. Бу ҳам етмагандек, изоҳ сўраганимда нописанд жавоб берди. Чарчоқ ҳолатида бўлганим учун ўзимни бошқаролмай сўкиб қўйибман, - дейди Бахтиёр Ражабов. 

Маълум бўлишича, воқеа 28 февраль куни бўлиб ўтган йиғилиш сўнгида содир бўлган. У ерда туман солиқ инспекцияси раҳбари, молия бошлиғи бўлган. 

Йиғилишда иштирок этган маҳалла раисларидан бирининг маълумот беришича, ҳоким ўша кунги йиғилишда 5-6 та маҳалла раисларини урган. Ҳокимдан калтак еган маҳалла раислари орасида депутат ҳам бўлгани айтилмоқда.

— Энг ёмони маҳалла раисларидан Ҳайдар ака деган депутат ака ҳам ҳокимдан таёқ еди, - дейди раис.

Миришкор ҳокими эса урганлик ҳолати бўлмаганини айтмоқда:

— Йиғилишда сўкинганим рост, аммо ҳеч кимга қўл кўтармадим. Кимгадир қўл кўтарилгани акс этган овоз монтаж қилиб қўшилган. 

Ҳокимнинг ушбу гапини туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Хўжаев ҳам тасдиқламоқда.

— Ҳоким ҳеч кимга қўл кўтармади, Қолаверса, ҳокимнинг ҳақоратли сўзлари барчага эмас, бир кишига қаратилганди, - дейди Шуҳрат Хўжаев. Бироқ матбуот хизмати раҳбари унинг ким эканлигини эслолмади.   

Маълум қилишларича, 28 февралдаги йиғилиш ўша куни соат 20:00 дан 24 гача давом этган.

Маҳалла раисларидан бирининг қўшимча қилишича, ҳокимнинг чегарадан чиқишига вилоят почта бошлиғининг маҳалла раисларига қилган эътирози сабаб бўлган.

— Кечаси соат 11ларда  қайта йиғилиш бошланди, кириб келган вилоят почта бошлиғи Ориф ака маҳалла раислари солиқ тушумларини бажармаётганини айтиб, эътироз билдирди. Шунда йиғилишга кириб келган ҳокимнинг жаҳли чиқиб ҳаммани сўкиб кетди. 5-6 та маҳалла раисларини урди. Аҳмад исмли раиснинг қовурғаси синди, , - дейди маҳалла раиси. 

Шунингдек, маълум бўлишича, йиғилишда қатнашган вилоят почта бошлиғи Ориф Маҳмудов маҳалла раисларига ҳар ой 10 миллион сўмдан солиқ тушумларини топшириш мажбуриятини қўйган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур воқеа Ўзбекистондаги ҳокимлар томонидан биринчи марта содир бўлган ҳолат саналмайди. Бундан аввал Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Миришкор туманининг собиқ ҳокими ва яна бир нечта ҳудуд раҳбарлари томонидан ҳақоратлар, таҳдидлар ёғилган аудиолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган эди. Сал аввал, ушбу ҳолатлар бўйича блогер Хушнуд Худойбердиев ўзининг кескин танқидини билдирган:

Сизлар оддий хизматчисизлар. ХАЛҚ ХИЗ-МАТ-ЧИ-СИ! Тамом. Барчангиз шунақасиз, вилоят ҳокими ҳам, туман ҳокими ҳам — Хушнуд Худойбердиев

 

    Бошқа янгиликлар