Фарғона вилоятида ўқитувчига қўпол муносабатда бўлган Йўл патруль хизмати инспектори ўз лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз:
2020 йилнинг 11 январь куни Фарғона туманидаги 22-умумтаълим мактабининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик раҳбари И.Умаров мактабнинг юқори синф ўқувчиларини ҳарбий полигонда бўлиб ўтаётган “Очиқ эшиклар куни”да иштирок этиш учун олиб бораётган вақтда “Оқ-билол” қишлоғи ҳудудида автомобиллар ҳаракатини назорат қилган ЙПХ инспектори И.Одилов “ИСУЗИ” автобусини тўхтатиб, тадбир сабабли йўл ёпилганлигини таъкидлаган.
Шунда И.Умаров: “Менда рухсатнома бор, ўтишим керак” деб рухсатномани кўрсатган, лекин ЙПХ инспектори ўқитувчини ҳақорат қилиб, камситиб, ҳуқуқларини бузган.
Ички ишлар тизими, жумладан, Йўл патруль хизмати ходимларига ҳурматимиз юқори бўлса ҳам, Вазирнинг Назорат-ҳуқуқий Хизмати томонидан тизимда фаолият юритаётган педагог ходимларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Фарғона туман прокуратурасига мурожаат этилиб, ижтимоий тармоқлардаги ҳолат ва ўқитувчи И.Умаровнинг аризаси юзасидан текшириш ўтказилди.
Натижада ноқонуний ҳаракатлар содир этган ИИБ ЙҲХБ ЙПХ 1-отряд 3-сафарбарлик гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори сафдор И.Одилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлар учун жазо муқаррар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимида бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлашда, Вазирнинг назорат ҳуқуқий Хизмати халқ таълими тизимида фаолият юритаётган барча ходимларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уларни ҳуқуқларини бузилиши ёки поймол бўлишини оқибатсиз қолдирмайди.
Халқ таълими Вазирининг Назорат-ҳуқуқий Хизмати
Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати






