АсосийJamiyat

Канадалик болалар ва қизларнинг юриш-туриши, гап-сўзи тошкентлик тенгқурларидан одоблироқ ва тарбиялироқ — хориждаги ватандош

'Канадалик болалар ва қизларнинг юриш-туриши, гап-сўзи тошкентлик тенгқурларидан одоблироқ ва тарбиялироқ — хориждаги ватандош'ning rasmi

Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ҳаётга доимий муносабатлар бериб борадиган хориждаги ўзбек блогери бу сафар ўта муҳим масала хусусида сўз юритибди. Яъни маънавият, маърифат ва тарбия масаласи. Хорижда бўлиб турган ватандошимиз, айрим ҳодисалар мисолида хориждаги ва Ўзбекистондаги ёшлар дунёқараши ва тарбияси, одамларнинг қонунга муносабатини солиштирган.

“Бугун уйда меҳмон кутдик — Калгарида уч йилдан ортиқ яшаб, оилавий сабабларга кўра Тошкентга қайтган ватандошларимиз қисқа муддатга яна Калгарига келишди. Анча гаплашиб ўтирдик.

Гапдан гап чиқиб, Ўзбекистонда қонун-қоидага итоат этиш лапашанглик, бўшлик, ва қўпол қилиб айтганда, лохлик белгиси эканини муҳокама қилдик.

Масалан, мен 2000-йиллар сўнгидан машинани камар тақиб хайдайман, қонун чиқишидан аввал ҳам тақиб юрардим. Шунда маҳалладаги ўсмир болалар устимдан кулишарди: «ока, жа тўхтатса гаплашиб кетасиз, йиғиштиринг ременни», деб. Навбатда ўтирсангиз биттаси келади шундоқ сўраволай, деб. Иккинчиси келади аммасининг холасиман, деб. Учинчиси чўнтагига қистириб, безўчирт ўтиб кетади.

Зебрадан кетаётган пиёдаги ўтказаман десангиз, ё орқангиздан сигнал чалади, ё биратўла етволади. Ўз полосангиздан юрсангиз, ҳам чап томонингиз, ҳам ўнг томонингиздан сиқиб кетишади.

Ҳар жабҳада шундай, афсуски. Мактабда «ремонт» учун пул бермасангиз, пулни нима қиласан, ҳужжатни кўрсат, десангиз, боланингизни ҳамманинг олдида изза қилишади, зиқнага чиқаришади.

Умуман олганда, қонунга итоат этиш «невигодний». Ундан кўра «гаплашсангиз» ишингиз осон ва тез битади. Қонунга итоат этишнинг афзалликлари камайиб бораётгандек.

Русларнинг бир қўпол гапи бор: «среди волков жить, по-волчьи выть». 

Узоқ муддат қонун устувор бўлган мамлакатда истиқомат қилган ватандошларимизнинг қайта кўникиши қийин бўлаётган экан.

Яна бир нарса: болаларнинг ўзини тутиши. Ватандошларимизнинг айтишича, канадалик болалар ва қизларнинг юриш-туриши, гап-сўзи тошкентлик тенгқурларидан одоблироқ, тарбиялироқ эмиш. Сентябрдан бери болалари бораётган оддий давлат мактабида аллақачон бир неча марта «разборка»лар бўлиб, ўқувчилар бир-бирини бурнини қонатиб, тишини синдирган эмиш. Калгаридан бундай нарсалар бўлмайди, мана уч йилдан бери бир марта ҳам эшитганимиз йўқ.

Шунда ўйлаб қолдим: 30 йилдан бери вайсаланаётган маънавиятимиз ахлат қутисида экан-да? Иккиюзламачиликниям боплаб ташлаган эканмиз-да?” — хулоса қилган блогер.

    Бошқа янгиликлар