"Ўзшаҳар қурилиш инвест" инжинеринг компаниясининг расмий телеграм каналидаги эълон барчани эътиборини тортди.
“2019 йилда қуриб фойдаланишга топширилган уй-жойларга бириктирилган фуқаролар диққатига!” деб бошланган хабарда қуйидагилар ёзилган:
“Ушбу уй-жойлар банк кредити маблағлари ҳисобига қурилган бўлиб, кредитга ҳисобланган фоизлар уй-жойлар нархига қўшиб борилади. Уй -жойлар нархлари ошиб кетишининг олдини олиш учун сиздан ўзингизга бириктирилган квартирани қисқа муддатда ўз номингизга нотариал тартибда расмийлаштириб олишингизни сўраймиз. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли фармони 5-бандига мувофиқ, уй-жойлар 2020 йил 1 июлга қадар расмийлаштирилиб, квартира қиймати "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК ҳисоб-рақамига келиб тушмаса, уй-жойлар нархига 15 фоиз қўшилган қиймат солиғи қўшилиши ҳақида огоҳлантирамиз”.
Хўш, бу нима дегани? Аксарият фуқаролар ўйлагандек энди кредит ҳисобига олинган барча уйларнинг нархига 15 фоиз қўшиладими? Ушбу масалага ойдинлик киритиш учун биз "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК мутахасси жавоб берди:
Лазиз Умаров, "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК Уй- жойларни расмийлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари:
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сонли фармонининг 9-иловаси 5 в-бандига асосан “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК 2017-2019 йиллар дастурларида қурилган уй-жойлар бўйича 2020 йил 1 июлга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланган. Уй-жойлар ва хонадонлар токи фуқаролар номига нотариал тартибда расмийлаштирилгунга қадар “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИКнинг мулки ҳисобланади. Юқоридаги фармон талабларидан келиб чиқиб, хонадонларга бириктирилган фуқаролар хонадонларни юқорида айтилган санага қадар ўзларининг номига расмийлаштириб олиш керак.
Айтилган санага қадар уй расмийлаштирилмаса...
Бугунги кун ҳолатида:
• 2017 йилда қурилган 7 919 та хонадонлардан 20 таси;
• 2018 йилда қурилган 16 352 та хонадонлардан 918 таси;
• 2019 йилда қурилган 17 587 та хонадонлардан 8 468 таси фуқаролар номига расмийлаштирилмаган.
Ўз номига расмийлаштирилмаган хонадонлар “Ўзшаҳар қурилиш инвест” мулки ҳисоблангандан кейин, хонадон соҳиблари учун бугунги кунда кредитнинг ойлик фоиз тўловларини бизнинг ташкилот тўлаб келмоқда. Янада аниқроқ айтганда, дейлик, фуқаро унга ҳокимият томонидан бириктирилган хонадонни ўз вактида номига расмийлаштириб олмади. Орадан бир ёки икки йил ўтиб хонадон соҳиби уйни ўз номига расмийлаштирганда ташкилот тўлаб келган кредит тўлови ҳам автоматик тарзда фуқаронинг ойма-ой тўлаши лозим бўлган фоиз миқдорига қўшиб хисобланади. Бундай ҳисоб-китоб эса ўз-ўзидан фуқарога қўшимча харажатни юзага келтиради. Агар фуқаролар 1 июнга қадар уй-жойни ўз номларига расмийлаштиришмаса, мазкур фоиз тўловига ҚҚС ҳам қўшилади. Англаганингиздек, бир бирига узвий боғлиқ. Шунинг учун расмийлатиштириш жараёнида нархлар борасида тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун фуқароларни огоҳлантириб қўйдик.
Республикадаги барча янги қурилган уйларда нархлар кўтариладими?
— Ҳа, 15 фоиз ҚҚС миқдори республикадаги барча янги қурилган уйларга таъсир қилади. Тошкент шаҳрида эса айни пайтдаги нархлар ва ҚҚС билан ҳисобланган микдорлар қуйидагича:
• 1 м2 ўртача 3 980 000 сўмлик уй-жойларда ҚҚС билан 4 577 000 сўмни (ҚҚС 597 000 сўм);
• 1 м2 ўртача 4 100 000 сўмлик уй-жойларда ҚҚС билан 4 715 000 сўмни (ҚҚС 615 000 сўм);
• 1 м2 ўртача 4 330 000 сўмлик уй-жойларда ҚҚС билан 4 979 500 сўмни (ҚҚС 649 500 сўм);
• 1 м2 ўртача 4 160 000 сўмлик уй-жойларда ҚҚС билан 4 784 000 сўмни (ҚҚС 624 000 сўм) ташкил қилади.
Маълумот ўрнида:
Президент фармони билан “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИКга 2020 йил 1 июлгача берилган имтиёзлар 2017-2019 йил дастурлари бўйича қурилган уй-жойларга нисбатан келтирилган. 2020 йил дастури доирасида қурилаётган уй-жойлар учун юқоридаги имтиёзлар тадбиқ этилмайди.






