Наманган вилоят ҳокимининг фармойишига асосан Наманган шаҳри ҳудудида ҳаракатланиш хавфсизлиги ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида туманлардан келадиган “Дамас” русумли йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун шаҳарга кириш жойларида махсус тураргоҳлар ташкил этилди.
Маълумотда айтилишича, ушбу фармойиш шаҳар ичидаги кўчалар, айниқса, бозорлар атрофида юзага келаётган тирбандликларни бартараф қилиш мақсадида қабул қилинган.
"Дамас"чилар ва наманган аҳли энди шаҳарга келаётганида қуйидаги тураргоҳлардан фойдаланишади:
- Поп, Чуст, Тўрақўрғон ва Косонсой туманларидан ташриф буюрувчи транспорт воситалари шаҳарнинг 1-кичик туманида ташкил этилган “Отчопар” бош бекатидаги тураргохгача келишади.
- Наманган ва Мингбулоқдан шаҳарга келувчилар учун “Қўқон” кўчасида ташкил этилган “Сардоба” бош бекати хизмат кўрсатади.
- Янгиқўрғон ва Чортоқ туманидан келадиган транспорт воситалари “Саноатчилар” кўчасидаги “Ҳунармандлар” бош бекатидаги авто тураргохга келиши белгиланди.
- Уйчи ва Учқўрғонлик ҳайдовчилар “Баҳор” кинотеатри олдидаги “Баҳор” бош бекатига келишади.
- Норин тумани ҳамда Андижон вилоятидан келувчи транспорт воситалари Жахон бозори олдидаги “Лола” бош бекатига келишлари белгиланди.






