Интернет тармоғида Сергели тумани Қўйлиқ-7 массивида яшовчи 10 ёшли қиз уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмагани ҳақида хабар тарқалди. Ушбу пост юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ изоҳ берди.
"Мазкур хабар ҳозирда актуал эмаслигини маълум қиламиз. 10 ёшли М.М. 22-февраль куни кеч соат 17.00 да уйидан чиқиб, қайтиб келмаганлиги ҳақида унинг отаси – 35 ёшли Мирзағани Ю. хабар берган эди. Отасининг айтишича, улар қизини койиганлари сабабли, М.М. хафа бўлиб, уйидан югуриб чиқиб кетган. Қизнинг ота-онаси мустақил қидирувларидан сўнг шу куни соат 18.27 да 102 га қўнғироқ қилишган.
Ўсмир қизнинг қидирувида Сергели тумани ИИО ФМБ 6-сон ички ишлар бўлимининг барча кучлари ишга солинди. Соат 20.00 да “Шукрона” маҳалласи катта профилактика инспектори майор Бахтиёр Эшмирзаев ва профилактика инспектори катта лейтенант Хайрулла Ғаниев қизнинг ота-онаси томонидан тақдим этилган сурат ёрдамида уни ўша маҳалланинг ўзида топдилар", дейилади Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабарида.






