Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Тошкент давлат иқтисодиёт университети биносида республика гидлар гуруҳи вакиллари билан учрашиб, уларни 21 февраль – Бутунжаҳон экскурсиячилар куни билан табриклади.
Азиз Абдуҳакимов бугунги кунда туризм соҳаси ривожланишида экскурсиячи гидларнинг ўрни ниҳоятда катта эканлигини таъкидлаб, уларнинг машаққатли меҳнати ва соҳа ривожига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди. Шу ўринда Бош вазир ўринбосари қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги гидлар сонини ошириш кераклиги ҳақида сўзлади.
“Охирги йилларда юртбошимиз иродалари билан йўлга қўйилган очиқлик сиёсати натижасида туризм йўналишида ўтказилган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини берди. Биз энди туризмни янада янги поғонага кўтаришимиз лозим, зеро туризм энг аввало маҳаллий аҳоли учун янги иш жойлари демакдир. Бугунга келиб гидларнинг сони 1000дан ортиқ бўлса, биз қисқа вақт ичида уларнинг сонини 5000 нафарга етказишимиз керак”, - деди у.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси мулоқот самарали кечиши учун экскурсиячи гидларни ўйлантираётган масалалар, ўз ечимини кутаётган муаммоларни тинглади.
Жумладан, кўп йиллик тажрибага эга Белла Ли Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда таълим вазирликлари ҳамкорлигида ўлкашунослик сабоқларини йўлга қўйиш, танловлар ўтказиш ва шу тариқа ёш авлодда Ватанга муҳаббат ва туризм соҳасига қизиқиш, саёҳат маданиятини шакллантириш таклифи билан чиқди.
“Ўз Ватанини севмайдиган инсон гид бўла олмайди”, - деди у.
Бунга жавобан Азиз Абдуҳакимов дарҳақиқат саёҳат маданиятини кишиларга болаликдан шакллантириш зарурлигини таъкидлаб, шу йўналишда дастур тузиш ва унга кўра, ёш сайёҳларга мўлжалланган кўрсатувларни ташкил қилиш, махсус видеокурсларни тавсирга олиб тарқатиш чоралари кўрилишини айтди.
“Эҳтимол, Туризм-365 телеканалини очиш вақти келгандир, зеро ички туризм бугунги кунда талаб даражасида ўрганилмаган”, - қўшимча қилди Бош вазир ўринбосари.
Шу ўринда Азиз Абдуҳакимов бугунги кунда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан экскурсиячи гидлар билан мулоқотга киришиб, оператив маълумот алмашиш имконини берувчи янги лойиҳа устидаги ишлар тугагани, бу келгусида сайёҳлик соҳаси билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беришини маълум қилди:
“Гидлардан илтимосимиз – сайёҳ билан ҳаракатланаётиб қаердадир камчилик ё муаммо кўрдингизми, дарҳол ушбу платформа орқали бизга матн, фото ёки аудио шаклида йўлланг. Сир эмаски, ҳудудларда кафе ва ресторанлар, санитария-гигиена шохобчалари ва инфратузилма билан боғлиқ муаммолар талайгина. Бундан ташқари, туристик хизмат кўрсатувчиларнинг муомаласи кўнгилдагидек бўлмаслиги мумкин. Бундай камчиликлардан тезкор хабардор қилсангиз, биз тегишли давлат идоралари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чораларни кўрамиз. Шу тариқа мавжуд муаммоларни биргаликда бартараф этамиз”.
Гидлар вакиллари сўнгги йилларда давлат раҳбари ҳамда ҳукумат даражасида соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинаётган фармон ва қарорлар уларни илҳомлантираётганини алоҳида таъкидлаб, келгусида эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар бўйича таклифларини билдиришди. Туризм журналистикаси йўналишини жорий қилиш, юртимиз ҳақидаги флаерлар ва қўлланмаларининг чет тилларидаги таржималари камлиги, ҳар бир туристик объектда сити-басларни ташкил қилиш, веган менюни йўлга қўйиш, сертификат олиш жараёнига ўзгартириш киритиш шулар жумласидандир.
Азиз Абдуҳакимов учрашувга якун ясар экан, туризм соҳасини ривожлантиришда барча секторларни ҳамкорликда ишлашга чорлади.
“Давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва олий ўқув юртлари биргаликда ҳаракат қилсаккина, фаолиятни ривожлантиришга доир олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз”, - деди у.
Маълумот учун: Ҳар йили 21 февраль куни дунёнинг кўплаб шаҳарлари, айниқса, туризм маркази бўлган шаҳарларда Бутунжаҳон гидлар куни (International Tourist Guide Day) нишонланади. Ушбу байрам Жаҳон экскурсиячилар ассоциацияси федерацияси - World Federation of Tourist Guide Associations (WFTGA) томонидан гидлар фаолиятининг нақадар аҳамиятли эканидан кенг оммани хабардор қилиш мақсадида таъсис этилган. WFTGA’га 1985 йилда Халқаро экскурсиячилар конвенциясида асос солинган, бугунга келиб дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан 2 миллиондан зиёд киши унинг аъзоси ҳисобланади.






