Ижтимоий тармоқларда “Бир йил ичида спорт мактабимизга 15 дан ортиқ текширувчи келди!” сарлавҳаси остида берилган мурожаат юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги расмий муносабат билдирди:
“Бугун иш кабинетида ўтириб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида, жойида ҳал қилишга, одамлар фикрларини эшитмай туриб, уларнинг турмуш даражасини яхшилашга эришиб бўлмайди.
Изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида камчиликларни нафақат аниқлаш, айни пайтда уларнинг сабабларини таҳлил этиш ҳамда ечимини топишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Шу жиҳатдан хизмат кўрсатиш идоралари ва тармоқ раҳбар-ходимларининг ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни қай даражада бажараётгани чуқур ўрганилаётгани ана шу ҳаётий ҳақиқатнинг самарали рўёбга чиқарилаётганидан далолат беради.
Бугунги кунда Бухоро вилоятидаги 30 та спорт мактабларида 1 233 нафар тренер томонидан 40 минг нафарга яқин спортчи шуғуллантириб келинмоқда.
Тренерлар томонидан олиб борилаётган ўқув машғулотлар, мактабларда шуғулланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, спорт мактаб-интернатлари методистлари томонидан белгиланган тартибда низом талаблари асосида ўрганиб борилади.
Демакки, мурожаатда айтиб ўтилган ўрганишлар аслида соҳани ривожлантириш, спорт соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш, спортчиларнинг соғлигини доимий назорат қилиб бориш, тренерларнинг билим савияси ва маҳоратини доимий мониторинг қилиб бориш учун аниқ бир тизимга йўналтириш мақсадида ўтказилади.
Бундан ташқари, мурожаат муаллифи қайд этганидек, иш жараёнида зарур бўладиган ҳужжатлар фақат ишчи гуруҳ келгандан кейин “ўлиб-тирилиб” тайёрланмасдан, балки доимий тайёр ҳолатда бўлиши шарт. Муассаса ходимларининг текширувчиларнинг пора олиши билан боғлиқ масалада шу вақтга қадар бирор бир ташкилотга мурожаат қилмагани ажабланарли. Зеро, ҳозирги демократик ислоҳотлар жараёнида бундай масалаларда кескин кураш кечаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан тизим ташкилотларига газеталарга обуна бўлиш бўйича юборилган хатлар тавсиявий характерга эга ҳисобланади.
Энди мажбурий обуна масаласига келсак. Тўғри, бугун технологиялар ривожланган асрда яшаяпмиз. “Ахборотни интернетдан ҳам олавераман” дегувчилар ҳам кўп. Аммо, газета фақат ахборот бериш билан шуғулланмайди-ку. Маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга мақолалар чоп этиш ҳам ҳозирча матбаа нашрлари зиммасида. Қолаверса, матбуот холислик билан, асосли далилларга суяниб фаолият юритиши билан ҳам ишончли воситадир. Аниқроғи, мажбурий обунадан воз кечиш “газета ўқилмасин” деганини билдирмайди. Тавсиявий харектердаги хатлар эса мажбурий обуна ҳисобланмайди”, — дейилади вазирлик Матбуот хизмати хабарида.






