АсосийJamiyat

Кореяга жўнатувчи бандлик агентлиги 2385 фуқарони чув туширгани маълум бўлди

'Кореяга жўнатувчи бандлик агентлиги 2385 фуқарони чув туширгани маълум бўлди'ning rasmi

Ўзбекистонда 2385 кишини 24,8 млрд сўм пулга чув туширган хусусий бандлик агентлиги фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда мазкур жиноят иши бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

“Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Суриштирувларда қуйидагилар аниқланди.

Таъкидланишича, Қаҳрамон Отақулов, Одил Кабилов, Хушвақт Турдиев, Мусулмон Алиқулов, Урол Халмонов, Корея Республикаси фуқароси Kang Namkyu ва бошқалар жиноий тил бириктириб, “Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖни ташкил этган. Улар 2019 йилнинг 4 январь куни Ташқи Меҳнат миграцияси агентлигидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш билан шуғулланишга лицензия олган. 

Шундан сўнг, улар жамиятга мурожаат қилган фуқароларни 3 ой ичида Корея давлатига ишга юборишларини ваъда қилиб, улар билан сохта шартнома туза бошлаган. Фаолиятлари юзасидан шубҳа туғилмаслига учун тўлов квитанциялари сохталаштирилиб, 2 385 нафар жабрланувчининг жами 24,8 млрд сўм пуллари АТБ “Туронбанк” Чилонзор филиалидаги ҳисоб рақамига ўтказилган. Банкдаги барча маблағлар нақд пул кўринишда қабул қилиб олинган ва бу пул маблағлари фирибгарлик йўли билан шахсий эҳтиёжларга сарфлаб юборилган. 

Хабарда айтилишича, жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг 14,213 млрд сўм қисми ундирилган. Шунингдек, жиноят иши қўзғатилишидан аввал жабрланувчиларга қайтарилган маблағ 2,86 млрд сўм ташкил этади.

Айбланувчилар томонидан жабрланувчиларга етказилган зарарларни ундириш масаласи суд ҳукмидан сўнг ҳал этилади.  

Ҳозирда айбланувчилар Қ. Отақулов, О. Қобилов, Х. Турдиев, М. Алиқулов, А.Шамшиддинов, О.Жўраев ва Kang Namkyu қамоқда сақланмоқда, У.Халмоновга қидирув эълон қилинган.

Бошқа янгиликлар