АсосийJamiyat

Жазони ижро этишига қадар талаба бўлган шахслар онлайн тарзда ўқишни давом эттириши мумкин

'Жазони ижро этишига қадар талаба бўлган шахслар онлайн тарзда ўқишни давом эттириши мумкин'ning rasmi

“Ёшлар пресс-клуби”нинг навбатдаги сессияси “Янги Ўзбекистонни – ёшлар билан бирга қурамиз” шиори остида ички ишлар органлари жазони ижро этиш тизими фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларга бағишланди.

Унда Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, бир гуруҳ ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида сўнгги уч йил мобайнида ички ишлар органлари жазони ижро этиш тизими фаолияти самарадорлигини оширишга доир қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жазони ижро этиш муассасаларида олиб борилган реконструкция ва таъмирлаш ишлари, шунингдек, эскирган бино ва иншоотлар ўрнида янгилари қурилиб, фойдаланишга топширилгани ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Сессияда таъкидланишича, жазони ижро этиш колониялари ва тергов ҳибсхоналарида барча зарур шарт-шароитларга эга бўлган адвокат ва терговчилар учун 69 та алоҳида хоналар ташкил этилган. Тергов жараёни ва сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2 минг 989 та замонавий видеокузатув мосламаси ўрнатилган.

Маҳкумларнинг мурожаатлари, мавжуд муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Барча жазони ижро этиш колонияларида Омбудсманга, прокурорга, ариза ва шикоятларга мўлжалланган алоҳида қутилар мавжуд.

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган колония ёпилиб, у ерда сақланаётган 395 нафар маҳкум суд томонидан белгиланган тартиб турига мувофиқ бошқа колонияларга ўтказилди. Ёпиқ турдаги колонияларда сақланаётган маҳкумларнинг телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлар олиши сони икки баробарга кўпайтирилди. Маҳкумларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи тақдим этилди. Маҳҳкумларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, пенсия таъминотига эга бўлиши таъминланди.

Мулоқот давомида спикерлар ахлоқан тузалишнинг енг самарали усули – маҳкумларни касбга ўргатиб, иш билан таъминлаш еканлиги, шу боис мазкур муассасаларда янги иш ўринлари яратилиб, меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг 88 фоизи учун меҳнат қилишига муносиб шароитлар яратилганини қайд этди. Қонунчиликка кўра, маҳкумлар ҳафтасига 40 соат ишга жалб етилади. 2020йилнинг 1февралидан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 679 минг 330 сўм этиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, маҳкумларга ҳар бир ишкуни учун 26 минг 815 сўмдан иш ҳақи тўланмоқда. Бунинг натижасида меҳнат қилаётган маҳкумларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 1 миллиондан 1,5 миллион сўмгача етказилди. 

Маҳкумларни озодликка чиқишга тайёрлаш, республикада амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий воқеалардан хабардор қилиш мақсадида барча колонияларда фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, барча жазони ижро этиш колонияларида маҳкумларни қамраб олувчи Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари, вояга етмаган тарбияланувчиларнинг ота-оналар кенгашлари тузилган ва улар ҳозирда самарали фаолият олиб бормоқда.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида "Уста-шогирд" мактабида 306 нафар "уста" маҳкумга 979 нафар "шогирд" маҳкум бириктирилиб, уларга халқ амалий санъати маҳсулотларини тайёрлаш бўйича ҳунар ўргатилмоқда.

Ҳозирга қадар "Уста-шогирд" мактабини тугатган 272 нафар маҳкумга эгаллаган мутахассислиги бўйича сертификатлар берилган.

Тизим муассасаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Бухоро вилояти, Қашқадарё вилояти, Навоий вилояти ҳамда Наманган вилоятида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларига замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Шу билан бирга ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларни олдини олиш маҳкум ва маҳкума ёшлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳамда Ёшлар иттифоқи муассислигидаги Республика ёшлар маркази томонидан 2019йилнинг 1февралида 350 нафар жазо муддатини ўтаётган ёшлар учун Республикамиздаги ЖИЕМда турли касб-ҳунар ўргатувчи тўгараклар ташкил етилган.

Республикадаги жазони ижро этиш муассасаларида жорий йил давомида 26 турдаги фан, касб-ҳунар, спорт ва чет тиллари бўйича тўгараклар ўтишни бошлаш ҳамда шу орқали йил давомида 2000 нафарга яқин жазо муддатини ўтаётган ёшларни қамраб олишга эришилди.

Жумладан, 2019 йилнинг феврал ойидан бошлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 24-сонли вояга йетмаганлар тарбия колониясида 8 та йўналишда фан ва чет тилларини ўргатиш бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, 97 нафар вояга етмаганлар қамраб олинди.

Шунингдек, очиқ мулоқотда 500 нафардан ортиқ талаба жазони ижро етиш муассасаларида ўз қилмишига яраша қонунда белгиланган жазосини ўтаётганлиги айтиб ўтилди. Уларни масофадан туриб ўқитиш бўйича Ички ишлар, Aдлия, Олий ва ўрта махсус таълим, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамкорлигида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Унда Жазони ижро этишига қадар талаба бўлган шахслар учун онлайн тарзда таълим олишини давом эттириши кўзда тутилмоқда. Маҳкумлар зарур адабиётлар билан таъминланади. Лекин таҳсилни давом эттирган маҳкумлар битирув имтиҳонларини жазо муддатини ўтаб бўлганидан сўнг таълим олган олийгоҳига бориб топшириб, дипломини олиши мумкин.

Очиқ мулоқот якунида вояга етмаганлар тарбия колонияси ўқувчилари ҳақида видеоролик намойиш этилди. Улар томонидан ясалган буюмлар кўргазмаси ўтказилди.

    Бошқа янгиликлар