Аввалроқ сайтимизда "ЙПХ ходимининг автомобили нега йўлнинг ўртасида тўхтади?" сарлавҳали видео-хабар берилган эди. Бу мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати муносабат билдирди.
Унда айтилишича Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан Ҳатирчи тумани ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан рейд тадбирлари ўтказилган. Йўл четига транспорт воситаларини бетартиб жойлаштирган ҳайдовчиларга хизмат автомашинасидаги овоз кучайтиргич мосламаси орқали огоҳлантириш берилган.
Ушбу ҳолатни атрофдаги нотаниш фуқаролардан бири видеотасвирга олган. Фуқаро томонидан ҳолатга бир томонлама баҳо берилган. Ваҳоланки, бошқа транспорт воситалари йўл четига бетартиб жойлашганлиги, ЙПХ инспекторлари ушбу транспорт воситалари ҳайдовчиларини тартибга чақираётганлиги тасвирда умуман тилга олинмаган.
Шунингдек, видеотасвирда хизмат автомашинаси маёқчалари ёнган ҳолатда бўлган. Бу эса автомашина шунчаки эмас хизмат юзасидан тўхтаб турганлигини англатади.






