«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфидаги бошқарма, марказ, корхона, ва ўқув муассасаларининг кўнгилли ёшлари Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш мақсадида «Оролни қутқарайлик» акциясини ташкил этишди.
Бўлиб ўтган мазкур акцияга юзга яқин шижоатли ёшлар жалб қилиниб, Оролбўйи ҳудудида тўқайзорлар ташкил қилиш учун «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг олтита минтақавий темир йўл узелларидан ташриф буюрган йигит-қизлар бирдамликда иш олиб борди.
Ҳозирда Оролбўйи ҳудудидаги тузли қумларни атрофга тарқалишини камайтириш ҳамда экологиясини яхшилаш мақсадида саксовул, юлғун ва қорабарақ каби бутасимон ўсимликлар экиш йўлга қўйилган. Мўйноқ тумани ҳокимлигининг маълумотига кўра ўтган уч йил мобайнида экилган кўчатларнинг мониторингида ижобий ўзгаришлар қайд этилди.
Ҳавонинг совуқлигига қарамасдан ёшлар ишни жадаллик билан олиб борди. Натижада етти гектарга яқин майдонга саксовул ва бошқа кўчатлар ўтқазилди. Буни рақамларга айлантирадиган бўлсак 7000 туб кўчат дегани. Кўзланган натижага эришиш учун беш йил муддат керак бўлади. Ропа-роса беш йилдан кейин Оролбўйи ҳудудида катта тўқайзорларни кўриш мумкин.






