Косон туманидаги 98-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори З.Н. 800 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида қўлга олинди.
Бу ҳақда “darakchi.uz”га Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси маълумотларига асосланиб вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Келтирилишича, З.Н. фуқаро У.Х.га 300 АҚШ доллари эвазига ўрта-махсус даражани берувчи қалбаки диплом тайёрлаб беришни ҳамда 500 АҚШ доллари эвазига уни ана шу “ҳужжат” асосида ўзи раҳбарлик қилаётган мактабга ишга қабул қилишни ваъда қилиб, жами 800 АҚШ доллари сўраган.
З.Н. ушбу пулни туман халқ таълими бўлими биноси олдида, ўзининг бошқарувида бўлган “Нексия-3” русумли машинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан З.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






