Самарқанд вилоятида яширинча хўрозлар жанглари уюштириш билан шуғулланган жиноятчиларни фош қилиш бўйича махсус операция ўтказилди. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор хизмат ходимлари томонидан амалга оширилган тадбирда мухбиримиз Озод Нурмуҳаммедов иштирок этди...
Олиб борилган тезкор тадбирда Оқдарё туманидаги “Маҳалла” қишлоғида 14 сотих ер майдонининг 3,5 сотих қисмида “Хўроз уриштириш” учун ноқонуний тарзда “Арена” қуриб фаолият юритаётгани фош бўлди. Шу кунгача Хўроз уриштириш аренасида ишқибозлар ўзларига тегишли хўрозлар билан жанг уюштириб келган. Тезкор тадбирда 31 нафар фуқаро уриштириш мақсадида хўрозлар олиб келганлиги аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилди.
Хўроз уриштиришда иштирок этганлар
Санъат Зарипов, хўроз жанги иштирокчиси:
— Ёшлигимиздан хўроз боқиб шу йўналишга қизиқиб келаман. Анчадан буён бундай жараёнда фаолман. Ютқазсак, сўйиб, бошқа хўроз боқишни бошлаймиз.
Содик Бобониёзов, иштирокчи:
— Бу жойга хўроз уриштириш учун биринчи маротаба уч ой олдин келганман. Бу гал иккинчиси эди.
Аниқланишича, 1986 йилда туғилган, С.Баҳронов турмуш ўртоғи Г. Жалилова билан биргаликда арена ташкил қилган. Улар хўроз уриштириш ўйинда қатнашиш ҳамда бу мақсад учун келган фуқаролардан 5.000 сўмдан 8.000 сўмгача бўлган миқдорда пулларни йиғиб олишарди. Шунингдек, у ташкилотчи соврин жамғармасининг маълум бир қисмини олган ҳамда томошабинлардан ҳам пул олган.
Тезкор тадбирда жангларни томоша қилишга келган 250 нафар фуқаролар борлиги аниқланди. Уларнинг ҳар бирини жиноятга алоқадорлиги текширилиб, ушбу шахсларга тегишли бўлган 60 та транспорт воситалари ҳужжатлари кўздан кечирилди.
“Миллий ўйинларимиз, деб ўйлаганман”
С. Баҳронов, уй эгаси:
— Мен буни миллий ўйинларимиз, деб ўйлаганман. Бирор одам келиб огоҳлантиргани йўқ. Билганимда ҳужжат қилар эдим. Ҳар ҳафта бир маротаба ўтказиб келганман. Келган одамлардан кириш пули сифатида 4-5 минг сўм олардим. Хўроз уриштирувчилардан пул олмасдим.
Ажабланарли ҳудудда яшовчиларнинг тахминича, хўроз жанглари 3 йиллардан бери фаолият кўрсатган. Лекин бундан туман ва маҳалла мутасаддилари бехабар бўлган.
Маълумот ўрнида:
- Ташкилотчи хўроз уриштириш аренасига келган жанг ишқибозларига антисанитар ҳолатдаги ошхона хизматини ҳам йўлга қўйган. Давлат солиқ инспекцияси С.Баҳроновнинг яшаш хонадонидаги ошхонани ноқонуний чакана савдо билан шуғулланиш, деб топди.
- Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосланиб, 12 турдаги умумий қиймати 720.500 сўмлик товар моддий бойликлар тегишли тартибда хужжатлаштириб олинди.
Табий газдан ҳам ноқонуний фойдаланган
Фуқаро С.Баҳронов яшаш хонадони ҳовлисида ноқонуний хўроз уриштириш аренаси ташкил этиш билан чекланмаган. Уйи Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан текширилганда, хонадонида табиий газдан ҳам ноқонуний тарзда фойдалаётгани аниқланди. Унинг бу ҳаракати учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддаси тартибида ҳужжатлаштирилди. Жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг раиси Илёс Дониёровнинг маълум қилишича, юқорида келтирилган ҳолатларга кўра ва Ўзбекистон Республикаси ЖПК 240, 242, 243-моддаларини қўллаб С. Баҳроновга нисбатан “қамоққа олиш тарзида”ги эҳтиёт чораси қўлланди ва фуқаро қамоққа олинди.
Эслатма!
278-модда. Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга жалб қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.






