Қарши шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати носоз ва таъмирталаб йўллар Қарши шаҳридаги энг оғриқли муаммолардан бири эканлигини тан олди. Охирги пайтда ижтимоий тармоқда, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларда билдирилаётган энг кўп эътироз ҳам шу масалага тааллуқли эканлиги айтилган маълумотда.
- Ёғин-сочинли кунларда абгор йўлларимиз аҳолига анчагина қийинчилик туғдираётгани рад этиб бўлмас айни ҳақиқат. Фуқароларнинг шикоят ва талабини ҳам тўғри тушунамиз, тўлиқ асосли, деб биламиз. Ўтказган ўрганишларимиз вазият биз кутганимиздан ҳам анча аянчли эканини кўрсатди. Ҳатто ҳали шағал тўкилмаган, тупроқ йўлларимиз борлиги фикримиз исботи. Хатлов натижасида Қарши шаҳрида таъмирталаб ички йўллар умумий ҳисобда 180 километрдан ошиқ экани ойдинлашди. 180 километрдан зиёд таъмирталаб йўл кичик рақам эмас ҳар ҳолда. Бошланғич ҳисоб-китобга кўра, 1 километр йўлни асфальт қилиш ўртача 600-700 миллион сўмга тушади бугунги кунда.
Бугун, айни шу пайтда йўл таъмирини ваъда қилолмаслигимиз мумкин. Аммо кунлар исий бошлагач, амалий ишга қўл урилиши аниқ гап. Бу қуруқ ваъда эмас. Нега ҳозир эмас? Мутахассислар билади, ер қуриган маҳал йўл қуриш учун энг қулай пайт. Шу муддатда таъмирлашни сифатли бажариш имкони бўлади.
Умумий хулоса сифатида шуни айтишни истардикки, Қарши шаҳар ҳокимлиги энг оғриқли масала – таъмирталаб ички йўлларга буткул бефарқ қараётгани йўқ. Босқичма-босқич ва аниқ режа асосида иш тутиб, муаммони ечишни, одамларнинг дардига дармон бўлишни мақсад қилганмиз. Натижа учун ҳаракат қиламиз. Сиздан вазиятни тўғри баҳолашингизни ва тушунишингизни сўраймиз, дейилади хабарда.






