Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатга олинди ҳамда расман ўз иш фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Жамоат фонди матбуот хизмати хабар берди.
Жамоат фондимизнинг асосий мақсади оммавий ахборот воситаларига медиа бозорида тенг шароит яратиш, уларни янада ривожлантириш ҳамда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдир.
Шунингдек, жамоат фонди миллий масс-медиа ҳамжамиятининг ўзини ўзи бошқариш механизмларини ишлаб чиқишга кўмаклашишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Оммавий ахборот воситаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, журналистлар ва блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш жамоат фондининг устувор вазифаларидан ҳисобланади.






