Хорижий мамлакатлар тажрибасида ижтимоий тадбиркорлик аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун иш ўринлари яратишни, шунингдек ижтимоий соҳаларга алоқадор товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришда муҳим роль ўйнайди. Ижтимоий соҳаларга ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш, ижтимоий барқарорлик, таълим ва ўқитиш, атроф-муҳит ва экотизимни ҳимоя қилиш, маданий меросни ривожлантириш каби соҳаларни киритиш мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Адлия вазирлигининг эксперт-таҳлил гурухи томонидан ижтимоий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича хорижий тажриба ўрганиб чиқилди.
Ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги хорижий тажрибанинг асосий жиҳатларини ўрганиш натижаларига кўра қуйидагилар аниқланди, жумладан:
ижтимоий тадбиркорлик бу даромадлари асосан ушбу бизнес ёки жамиятнинг асосий мақсадларига эришиш учун инвестиция қилинадиган ва корхона эгаларининг даромадларини кўпайтиришга йўналтирилмайдиган биринчи навбатда ижтимоий мақсадларни кўзлайдиган бизнесдир;
ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг асосий мақсади ижтимоий фойдалилик ҳисобланиб, унга кўра корхонанинг ишига асосан ижтимоий жиҳатдан нобарқарор ҳолатда бўлган ёки ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилади, шу билан бирга мазкур корхоналар ижтимоий жиҳатдан фойдали товар
ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўладилар;
ижтимоий тадбиркорлик учун кўплаб имтиёз ва қулайликлар назарда тутилади, масалан дастлабки икки йил давомида иш хақи харажатларини қоплаш, бизнесни ривожлантириш учун субсидиялар ажратиш, маслаҳат ёрдами, тўғридан-тўғри давлат ёрдами. Масалан, Жанубий Кореяда бир соҳадаги бизнесни ривожлантириш учун ҳар йили 30 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратилади ва ўн йилдан ортиқ давр мобайнидаги фаол давлат сиёсати натижасида мазкур мамлакатда ижтимоий бизнеснинг барқарор тизими яратилган бўлиб,
унга ўн минглаб кишилар жалб этилган;
ижтимоий корхона бу хусусий ташкилот ҳисобланади, шунга кўра у давлат ташкилоти бўлиши ёки давлат томонидан бошқарилиши мумкин эмас;
МДҲ мамлакатларида ижтимоий тадбиркорликка алоҳида эътибор берилмайди.
Ижтимоий корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг намунали мисоли бўлиб ўзига хос ривожланиш йўли ва давлат кўмагининг мукаммал тизимига эга Жанубий Корея тажрибаси ҳисобланади.
Жанубий Кореяда оммавий ишсизлик ва турмуш даражасининг тушиб кетишига сабаб бўлган 1997 йилда вужудга келган Осиё молиявий инқирози мамлакатда ижтимоий тадбиркорликнинг пайдо бўлишига туртки бўлди. Айнан ўша пайтда мамлакат раҳбарияти Кореяда деярли бўлмаган нотижорат ташкилотлар ва ижтимоий корхоналарга мурожаат этиш бўйича қарор қабул қилган.
Мазкур соҳани бошидан яратишга тўғри келган. Тайёргарлик даври деярли ўн йил давом этган ва фақат 2007 йилдагина пухта ишлаб чиқилган “Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш тўғрисида”ги Қонун ва ижтиомий тадбиркорлик билан боғлиқ тўлиқ дастурлар пакети қабул қилинган.
Қонун ижтимоий тадбиркорлик тушунчасига аниқ таъриф бериб, унга кўра ушбу фаолият ижтимоий хизматлар кўрсатишга ёки аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини иш ўринлари билан таъминлашга йўналтирилган барча тадбиркорлик фаолияти турларини ўз ичига олади.
Амалдаги қонунчилигимизда “ижтимоий тадбиркорлик”нинг ҳуқуқий тушунчаси аниқ белгиланмаган. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарорлари билан нодавлат мактабгача таълим, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва жиҳозлар ишлаб чиқариш, шунингдек руҳий бузилишлардан азият чекаётган ва ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш билан боғлиқ тиббий фаолият соҳалари учун имтиёз ва қулайликлар, шу жумладан солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилган.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3606-сон қарори билан руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг, шу жумладан, ногиронларнинг меҳнат терапияси, уларни янги касбларга ўқитиш ва ишга жойлаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги психиатрия муассасалари ҳудудида давлат-хусусий шериклик шартларида даволаш-ишлаб чиқариш корхоналари тузилиши белгиланган.
Мазкур даволаш-ишлаб чиқариш корхоналари 2018 йил 1 июлдан 2023 йил 1 январгача ер солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва мулк солиғидан, шунингдек, ягона солиқ тўловидан озод қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ–3651-сон қарорига асосан, давлат-хусусий шерикчилиги шартларида ташкил этилган мактабгача таълим нодавлат муассасалари тегишли божхона ва солиқ тўловларидан озод этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 июндаги ПҚ–3782-сон ва 2018 йил 20 июндаги ПҚ–3787-сон қарорлари билан:
протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқарувчиларга, Брайл алифболи китоб ва бошқа босма материаллар, имконияти чекланган болаларга ўқув ва бадиий адабиётларни чоп этувчи тадбиркорлик субъектларига;
меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимларининг камида 30 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар, ўн олти ёшга тўлмаган болалари ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслар, жазони ижро этувчи муассасалардан озод этилган шахслар, одам савдоси қурбонлари, ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ошмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари, “Меҳрибонлик” уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари ташкил этган тадбиркорлик субъектларига тегишли имтиёз ва қулайликлар берилган.
Мазкур имтиёз ва қулайликларга божхона ва солиқ имтиёзлари, шунингдек харидор томонидан инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини “ноль” харид қийматида сотиш бўйича ўтказиладиган танлов савдолари натижаларига кўра, танлов савдоларининг бошқа иштирокчилари билан унинг таклифлари ўртасида тенг шароитлар юзага келган ҳолларда битимни тузиш бўйича устуворлик ҳуқуқи, давлат мулки объекти учун ижара тўловини ушбу объектга нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгилаш киради.
Ишсизлика қарши курашишда, шунингдек ижтимоий фойдали товарлар ва хизматларни ишлаб чиқаришда рағбатлантирувчи омил сифатидаги ижтимоий тадбиркорликнинг долзарблигини ҳисобга олган холда, қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ:
ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қамраб олувчи дастур ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш;
мазкур соҳадаги хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда “ижтимоий тадбиркорлик”нинг ҳуқуқий тушунчасини белгилаш. Хусусан, бунда ижтимоий корхоналар ижтимоий хизматлар кўрсатишини, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламлари учун иш ўринлари яратиши, даромадининг 50% дан кўпини корхона эгаларига тақсимламаслик, даромадларни асосан ижтимоий тадбиркорликнинг асосий мақсадига йўналтириш учун инвестиция қилиши лозимлигини белгилаш;
ижтимоий тадбиркорликни кенгайтириш мақсадида, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламлари ўртасида тарғиб қилиш;
маслаҳат бериш, жамоатчилик ва ишбилармон доираларни ижтимоий тадбиркорликнинг афзалликлари ҳақида хабардор қилиш, давлат харидларига ижтимоий корхоналарни жалб этишни рағбатлантириш;
ижтимоий йўналишдаги тадбиркорларни ўқитиш бўйича курсларни ташкил этиш ва олий таълим муассасаларида янги йўналишларни жорий этган ҳолда ижтимоий бизнесни самарали юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
қисман молиявий қўллаб-қувватлаш ёки инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини тақдим этиш орқали муваффақиятли ижтимоий ташаббусларни ривожлантиришга кўмаклашиш.
Отабек Хожанязов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Иқтисодий қонунчилик бошқармаси бўлим бошлиғи






