Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ўзбек тили учун ҳам IELTS баҳолаш тизимини яратиш бўйича лойиҳада иштирок этишни истаган мутахассисларни ҳамкорликка таклиф қилди.
«Тилни ўрганишда нафақат грамматика балки ҳаётда у тилдан фойдаланиш учун кўникмалар ҳосил қилиш жуда муҳим. Лекин, шу вақтгача IELTSдаги каби барча 4 та кўникмани холис баҳолайдиган тизим ўзбек тили учун яратилмаган. Агар уни йўлга қўйсак ўқувчиларимизнинг ўзбек тилини янада яхшироқ ўрганишга, яхшироқ ўқиб тушунишга, равон гапиришга, ўз фикрларини бемалол ёзма ифода этишга имконият яратамиз. Яхши ишончли тизим яратилса уни кейинчалик Давлат тест маркази билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларига ҳам кириш имтиҳонларида жорий қилса бўлади.
Ҳозир бу 4 та кўникмани инглиз тилида баҳолаш учун хорижий экспертлар билан ҳамкорликда компьютердаги тест тизими ҳам яратилган. Лекин бу тизимдан ўзбек тилидаги кўникмаларни баҳолашда фойдаланиш учун ўзбек тили мутахассислари, айниқса тест тузиш бўйича мутахассислар керак. Биз шундай мутахассисларни излаяпмиз.
Агарда сизнинг ҳам айнан шундай кучли мутахассис танишларингиз бўлса, бизга албатта хабар беринг. Ушбу постга изоҳ қилиб уларнинг ким экани, қаерда ишлаши, қолаверса уларнинг ижобий тажриба ва натижалари ҳақида тавсия берсангиз, биз уларни саралаб олиб экспертлардан иборат ишчи гуруҳини тузамиз ва ўзбек тилини баҳолашнинг янгича тизимини яратамиз. Кучли экспертларга қилган ишлари учун тегишли маблағ ажратилади.", дейилади постда.
Вазирнинг фейсбукдаги саҳифасига кеча кўйилган постга ҳозирга қадар 179 нафар кузатувчи шарҳ ёзган, 139 нафари бошқа фойдаланувчиларга улашишган. Демак тилимизга эътиборлилар, уни ҳақиқий давлат тили мақомига эришиши учун бел боғлаган мутахассислар кам эмас.






