АсосийJamiyat

Хушнуд Худойбердиев: “Менимча, тадбиркорга нисбатан адолатли ҳукм чиқарилган”

'Хушнуд Худойбердиев: “Менимча, тадбиркорга нисбатан адолатли ҳукм чиқарилган”'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 18 октябр куни яккабоғлик собиқ ҳоким ўринбосари ва уни ёқиб юборган тадбиркорга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Воқеа содир бўлган вақтда жамоатчилик томонидан етарлича муҳокама қилинган эди. Бугун ўқилган ҳукмга нисбатан ҳам фикр-мулоҳазалар пайдо бўлди. Хусусан, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев ҳам бу масалага ўз муносабатини билдирди:

“Кўпчилик нега тадбиркор қамалди, ҳоким ўринбосари қамалмади, деган саволни беришмоқда.

Озодликни чеклаш - бу қамалиш эмас. Кўпчилик озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан адаштирмоқда.

Озодликни чеклаш жазоси, бу жайдари тилда айтганда - уй қамоғи. Лекин бунда ҳам ҳар доим маҳкумни кун давомида уйига қамаб қўйишар экан, умуман уйидан чиқармаскан, деб ўйламаслик керак.

Жиноят кодексининг 48-1-моддасига биноан, озодликни чеклаш жазоси сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат бўлиши ҳам мумкин. Масалан, кечки соат 20:00 дан эрталабки 8:00 гача яшаш жойидан чиқишни чеклашади. Кундуз куни эса бемалол эркин ҳаракатланаверади. Катта эҳтимол билан тадбиркор Баҳриддин Исамовга ҳам шунга ўхшаш чеклов ўрнатилган бўлса керак (Олий суд хабарида бунга аниқлик киритилмаган).

Аслида тадбиркор айбдор деб топилган жиноят (98-модда, кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш) бўйича қонунчиликда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган. Яъни тадбиркорга ушбу модда санкциясида назарда тутилган энг енгил жазони беришибди. Менимча, тадбиркорга нисбатан адолатли ҳукм чиқарилган. Ҳар ҳолда тирик инсоннинг устига бензин қуйиб ёқиб юборишни ҳар қандай вазиятда ҳам оқлаб бўлмайди.

Энди ҳоким ўринбосарига масаласига келсак. Айримлар «уни қамаш керак эди», дейишмоқда. Бу фикрга ҳам унча қўшилмайман. Ҳоким ўринбосари жуда ва жуда нотўғри иш қилди, бу шубҳасиз. Аммо ҳаммани қамайвермаслик керак, аслида. Бу давлат бюджети учун ҳам қўшимча зарар, жиноятчини бир неча йил боқиш керак бўлади. Ва бунақа қилмишлар учун қамалган билан бирор нарса ўзгариб, жамиятга фойда келиб қолмайди. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўта оғир жиноятлар учун қўллайвериш керак.

«Майли, қамоқ бўлмасин, лекин ҳеч бўлмаса ҳоким ўринбосарига ҳам озодликни чеклаш жазосини қўллаган маъқулмикин», дегувчилар ҳам топилса керак. Уларнинг гапида ҳам жон бор, инкор этмайман. Аммо мансабдор шахснинг қилмиши туфайли ўзгаларга энг аввало моддий зарар етган, демак унинг ўзидан ҳам катта миқдорда жарима олиш, унчалик ҳам мантиқсиз қарор эмас. Мол аччиғи, жон аччиғи деганларидай...

Ҳар не бўлганда ҳам, ушбу воқеаларга бошқаларга ҳам ўрнак бўлиб, бу каби кўнгилсиз ва нохуш ҳолатлар қайта содир этилмайди, деган умиддамиз”.

    Бошқа янгиликлар