Кеча Togri.uz нашри фаолияти тўхтатилгани, ҳомийлар томонидан лойиҳа бошқа молиялаштирилмаслиги ҳақида хабар бергандик.
Мазкур ҳодиса юзасидан аксарият машҳур блогерлар ўз фикрларини ёзиб чиқди.
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов ҳам мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди:
“Togri.uz” интернет нашрининг фаолияти афсуски узоқ вақт давом этмади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, «Togri.uz» сайти фаолияти тўхтатилгани бу таъсисчиларнинг ички ва шахсий масаласи бўлиб, сиёсий сабабларга асло боғлиқ эмас.
Шу билан бирга, Агентлигимиз юртимиздаги оммавий ахборот воситаларининг сони янада кўпайиши, уларнинг цензурадан холи, эркин фаолият кўрсатиши тарафдори бўлиб, бунинг учун биз барча имкониятларни яратишга тайёр эканлигимизни таъкидламоқчиман.
Ахборот маконидаги рақобат ва хилма-хилликдан энг аввало, халқимиз ва давлатимиз манфаатдор бўлади. Холис, маълум бир шахслар мақсадлари учун эмас, балки эл-юрт фаровонлигига хизмат қиладиган ОАВлар ривожланаверсин ва кўпаяверсин!”






