2019 йил 11 октябрь куни “Телеграмм” ижтимоий тармоғидаги “@sizdantelegram” каналига “Жанжал пайти ИИБга қўнғироқ қилдик, аммо ҳеч ким келмади” номли видеолавҳа жойлаштирилган. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ушбу лавҳага ойинлик киритди.
Аниқланишича, Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг маълумотига кўра, ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 9 октябрь куни тахминан соат 21:00ларда Бухоро тумани Шейхонча МФЙда жойлашган “Паризод” тўйхонасининг ташқи ҳовлисида тўйга келган бир нечта фуқаролар ўзаро гап тортишиб, баланд овозда шовқин қилганлар ва ушбу ҳолат номаълум шахс томонидан уяли алоқа воситасига “Жанжал давом этсада ички ишлар ходимларидан дарак йўқ” мазмундаги гаплар билан тасвирга туширилган.
Мазкур ҳолат тўй маросимига қатнашаётган шахсларнинг ўзаро келишмовчиликлари оқибатида содир этилганлиги, унинг жараёнида хеч кимга тан-жароҳати етказилмаганлиги ҳамда тортишув содир бўлганлиги ҳақида бирор бир фуқаронинг ички ишлар органларига мурожаат қилмаганлиги аниқланди.
Ўз ўрнида, Ички ишлар вазирлиги фуқаролардан шу каби ҳолатларнинг гувоҳи бўлганда бефарқликка йўл қўймасдан, “томошабин” сифатида воқеани кузатиб турмай, зудлик билан “102”телефон рақами орқали ёки воқеа жойига яқин бўлган ички ишлар органларининг бўлинмаларига мурожаат қилишларини сўрайди.






