“Тошкент шаҳрида Шинхан университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, очилиши режалаштирилаётган Тошкент шаҳридаги Шинхан университети олий таълим муассасаси - юридик шахс (маъсулияти чекланган шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилот) шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга, тасарруфидаги мол-мулк билан ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар ҳисобланади.
Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда Шинхан университети (Корея Республикаси) таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича амалга оширилади.
Қарор лойиҳасига кўра, Университетда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади. Абитуриентлар қабули ва Университет битирувчиларини аттестациядан ўтказиш эса Университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.
Университет битирувчиларига Шинхан университети дипломини беради. Мазкур диплом Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тўғридан-тўғри тан олинади.
Шунингдек, келтирилишича, Университет ректори Университет томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.






