Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Р. Джураев томонидан ўтказиладиган фуқаролар қабули, пойтахт туманларида истиқомат қилувчи аҳолининг муаммоларини аниқлаш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг аксариятини жойда ҳал қилишга имконият яратади.
Сўнгги даврда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Юнусобод, Шайхонтохур ва Яккасарой туманлари аҳолисининг қабулини ўтказди. Р. Джураев билан бирга фуқаролар мурожаатларини ҳокимият, ИИББнинг жойлардаги бўлинмалари, туман ҳудудий тиббиёт бирлашмалари, коммунал хизматлар вакиллари ҳам кўриб чиқишади. Шунинг учун кўплаб масалалар жойда ҳал этилиб, баъзилари бўйича алоҳида топшириқлар берилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Юқорида қайд этилган туманларда ўтказилган сайёр қабулларга жами юз нафар атрофида фуқаролар келишган. Бир нечта кишилар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига тааллуқли саволлар билан мурожаат қилишган. Ушбу мурожаатлар фуқароликни расмийлаштириш, вақтинча ёки доимий прописка олиш, паспорт олиш ёки алмаштириш, шу билан бирга хорижга чиқиш паспортини олиш масалаларига оид эди.
Турар-жой-коммунал хўжалиги, кўчаларнинг ёритилиши, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ишга жойлашиш ва даволанишга йўлланма олиш бўйича ҳам саволлар берилган.
Сайёр қабуллар давомида тиббиёт муассасаларида имтиёзли равишда даволаниш учун ордерлар ҳамда ногиронлик аравачалари топширилиб, муҳтожларга дори воситалари билан ёрдам берилмоқда.






