Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидатуманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлимлари тезкор вакиллари, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати офицерлар таркиби учун 5 кунлик малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.
Ўқув йиғинларида мамлакатимиз Президенти томонидан ички ишлар органлари фаолиятига оид белгилаб берилган долзарб вазифаларнинг мазмун-моҳияти, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳамда идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга, шунингдек улар ижросини таъминлаш механизмларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Бугунги кунда ижтимоий ҳаёт шиддат билан ривожланиб бормоқда, бу эса барчамизга, шу жумладан ички ишлар органлари зиммасига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда, – дейди Институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов. – Айниқса, сўнгги уч йилда Президентимиз ташаббуси билан тизимни ислоҳ этиш, кадрлар билан ишлаш, уларнинг малакаси ва масъулиятини ошириш, жиноятларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ҳуқуқбузарлик профилактикаси самарадорлигини ошириш, соҳанинг қуйи бўғинларини мустаҳкамлашга қаратилган 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Энг муҳими, халқ манфаатларига хизмат қилиш ички ишлар органлари фаолиятининг асосий мезони этиб белгиланди.
Ушбу устувор йўналишларнинг мазмун-моҳиятини соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимга етказиш, айниқса уларнинг аҳамиятини ҳамда ижросини таъминлаш усул ва услубларини тушунтириш жойларда ўтказилаётган ўқув йиғинларининг асосий мақсади ҳисобланади.
– ИИВ Малака ошириш институти томонидан ташкил этилган навбатдаги сайёр ўқув йиғини касбий билимларимизни янада мустаҳкамлаб олиш учун имкониятдир, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани ИИБ Мигирация ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи катта инспектори, капитан Фурқат Сатуллаев. – Ўқув машғулотларида малакали ўқитувчилар томонидан хизмат фаолиятимизга оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, ИИВнинг буйруқлари талаблари тушунтириб берилмоқда.
– Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда “ҳудудлар тажрибаси”, хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги ижобий тажрибаларни тушунтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Сурхондарё вилояти ИИБ Қумқўрғон тоғли-чегара ҳудуд тезкор бўлинмаси бошлиғи, капитан Сирожиддин Баратов. – Бундан ташқари, террорризм тушунчаси ва моҳияти, унинг экстремизм билан алоқадорлиги ҳамда унга қарши курашиш, миссионерлик ва прозелитизмнинг услуб-воситалари ҳамда минтақавий хусусиятлари, ноисломий диний ташкилотларнинг ноқонуний фаолиятига қарши курашиш каби мавзулар бўйича ҳам машғулотлар ўтказилмоқда. Шубҳасиз, ўқув машғулотларида олган билимларимиз хизмат фаолиятимизни самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Институт ташаббуси билан сайёр ўқув йиғинлари доирасида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспекторлар учун ҳам хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган алоҳида семинар-тренинглар ташкиллаштирилмоқда.
Семинар-тренингларда Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда ташкил этилган ушбу лавозимларда фаолият кўрсатаётган ходимларга хизмат вазифаларининг мазмун-моҳияти, фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари тушунтириб берилмоқда.
– Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган семинар-тренингларда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишини барвақт олдини олиш, жиноят содир этган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш, руҳан қўллаб-қувватлаш борасида олдимизда турган вазифалар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди, – дейди Шуманай тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Сапура Худойбергенова. – Дарҳақиқат, ички ишлар органларида хотин-қизлар масалалари бўйича фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳам аҳоли, хусусан аёлларимиз билан ишлайди. Бунинг учун ўзимиз хотин-қизларнинг психологиясини чуқур билишимиз, уларга меҳр беришимиз керак. Жиноятга қўл урган хотин-қизларнинг энг аввало муаммоларини ўрганишимиз, маиший муаммолари бўлса, масъул ташкилотлар орқали ёрдам беришимиз зарур. Шундагина фаолиятимизда натижа бўлади, уларнинг дунёқараши ўзгаради.
ИИВ Малака ошириш институти томонидан навбатдаги сайёр ўқув йиғинларини ҳамда семинар-тренингларни Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида ўтказиш режалаштирилган.
Ўз.Р. ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати






