Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятларида ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда.
Шундай тадбирларда бири Сурхондарё вилоятининг Узун тумани Боботоғ ҳудудидаги “Боғдара” қишлоғида жойлашган 32-сонли умумтаълим мактабида ўтказилди.
Маънавий-маърифий тадбирда сўзга чиққан ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти, уларда ватанпарварлик, ҳалоллик, садоқатлилик каби эзгу фазилатларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди ҳамда юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш лозимлигига тўхталиб ўтди.
– Сурхондарёдаги узоқ ҳудудларидан бири бўлган Узун туманининг Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган энг чекка қишлоғи “Боғдара”да яшасак-да ҳеч қачон давлатимизнинг эътиборидан четда қолмаган. Мактабимиз замон талаблари асосида қурилган бўлиб, 310 ўринга мўлжалланган ва ўқувчилар учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг дарсдан сўнг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун 12 та фан, 4 та спорт тўгараклари ташкил этилган, – дейди Узун тумани 32-сонли умумтаълим мактабининг директори Абдулаҳад Эшонқулов. – Мана бугун пойтахтимиздан ИИВ Малака ошириш институтининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари туман марказидан 126 километр, Термиз шаҳридан қарийб 300 километр узоқликда жойлашган мактабимизда ўқувчилар билан очиқ мулоқот ўтказишди. Уларнинг дилдан суҳбат қуриши ёшларимизда катта таассурот қолдирди. Чунки, мактабимизга илк маротаба профессор илмий даражасига эга зиёлиларимиз ташриф буюрди. Улар томонидан мактабимиз кутубхонасига 150 дан ортиқ китобларнинг туҳфа этилиши эса ўқувчилар учун катта совға бўлди.
Ўтказилган тадбирда ватанпарварлик туйғуси жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлиши ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат каби олижаноб фазилатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
– ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган учрашув бизлар учун катта сабоқ бўлди, – дейди ушбу мактабнинг 11-синф ўқувчиси Мўътабар Тошпўлатова.
– Ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус ҳамда китобга меҳр қўйишнинг аҳамияти ҳақида тушунчалар берилганлиги биз учун муҳим йўл-йўриқ бўлди. Мазкур тадбирда билдирилган фикрлар, тавсиялар биз ёшларни ўз устимизда мунтазам ишлашга, интилишга ва изланишга чорлайди.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, семинар-тренинглар, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати






