АсосийSiyosat

Жаҳон банки бу йил Ўзбекистонда Инсон капитали индексини аниқлайди

'Жаҳон банки бу йил Ўзбекистонда Инсон капитали индексини аниқлайди'ning rasmi

Жаҳон банки мамлакатимизда Инсон капитали индексини аниқлашда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорлик қилмоқда.

Юртимизда илк маротаба ўтказилаётган ушбу жараённи ташкил этишга доир масалаларни муҳокама қилишга бағишланган видео анжуманда таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси раҳбари Улуғбек Ташкенбаев ҳамда Жаҳон банки вакиллари иштирок этди.

Видео анжуманда инсон капитали индексини аниқлаш учун мактаб ўқувчиларидан олинадиган тестларни танлаш, иштирокчиларни саралаш ва натижаларни умумлаштириш юзасидан ўзаро ҳамкорликдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Хусусан, мазкур синовларни PIRLS (бошланғич синф ўқувчиларининг матнни ўқиш даражаси ва сифатини баҳолаш) халқаро тадқиқотлари саволлари асосида ташкил этишга, бунда баҳолаш 4-синф ўқувчилари учун ўқув йили ҳали энди бошланганлигини инобатга олиниб, 5-синф ўқувчилар ўртасида тадқиқот ўтказишга келишиб олинди. Синовлар учун топшириқлар халқаро миқёсида тан олинган тестолог томонидан PIRLSдан саралаб олинади ва кўриб чиқиш учун Жаҳон Банки вакилларига тақдим этилади.
Синовлар республика бўйлаб октябрь ва ноябрь ойларида ташкил этиш, бунда мавжуд мактабларнинг 2 фоизидан 10 фоизгача бўлган қисмини танлаб олиш режалаштирилган.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, айнан ушбу синов натижалари сабаб Ўзбекистон тарихда илк маротаба Инсон капитали индекси рейтингига киритилиши кутилмоқда.

Инсон капитали индекси рейтингини шакллантиришда асосан уч йўналишда - соғлиқни сақлаш, таълим сифати ҳамда бошқа иқтисодий кўрсатгичларга оид статистик маълумотлар таҳлил қилинади. Ушбу маълумотлар Жаҳон Банки ва иштирокчи мамлакат ҳамкорлигида шакллантирилади. 2018-йилда эълон қилинган “Инсон капитали индекси-2018” рейтингида Ўзбекистон Республикасининг маълумотлари эълон қилинмаган. Ўзбекистон томонидан фақат соғлиқни сақлаш ва иқтисодий кўрсатгичлар тақдим этилган ва бу Жаҳон банки томонидан қабул қилинган. Бироқ 2017-йилга қадар Ўзбекистон мактаб ўқувчиларини билимини аниқлаш учун ўтказилган мониторинг ишлари халқаро стандартларга мос равишда эмаслиги сабабли таълим сифати (ўқувчиларнинг билимини баҳолаш) бўйича тақдим этилган маълумотлар қабул қилинмаган.
Маълумот учун, Инсон капитали лойиҳасининг энг асосий мақсади – жадал технологик ривожланиш даври учун соғлом, замонавий билимга эга ҳамда муаммоли вазиятларга мослашувчан янги авлодни тайёрлашга кўмаклашишдан иборат. Сўнги натижаларда Инсон капиталига бошқалардан кўпроқ сармоя киритаётган энг фаол мамлакатлар бешлигидан Цингапур, Жанубий Корея, Япония, Ҳонконг ва Финляндия оʻрин олган. Рейтингда шунингдек Марказий Осиёнинг уч давлати натижалари келтирилган - Қозоғистон (31-ўрин), Қирғизистон (76) ва Тожикистон (89).

    Бошқа янгиликлар