Хабарингиз бор, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан мамлакатимиз бўйлаб, босқичма-босқич электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йил, 3 октябрдан бошлаб Жанубий Кореянинг “КТ Сorporation” компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд вилояти Паяриқ туманининг Челак ҳудуди ва Пахтачи тумани истеъмолчиларига ҳам замонавий электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Челак шаҳрида 26 941 та ва Пахтачи туманида 35 037 та ҳисоблагич ўрнатилиши белгиланган.
Ҳозирда Самарқанд шаҳар ва Самарқанд тумани, Зарафшон, Дўстлик, Ургут, Пастдарғом, Каттақўрғон туман ва Каттақўрғон шаҳар, Иштихон, Булунғур ҳамда Жомбой туманларида замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. 2020 йил якунига қадар вилоятнинг барча туманларида замонавий электр ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари ҳисобидан бепул ўрнатилмоқда.
Ҳисоблагичларни ўрнатишда бирор бир англашилмовчилик ёки таъмагирлик ҳолатлари кузатилаётган бўлса, шунингдек, пул талаб қилинаётган ёки манфаатларингиз камситилаётган бўлса, “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг 71-233-01-28, 78-150-75-64 рақамларига ёки Telegram’даги “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ bilan muloqot” канали орқали ҳам ўз мурожаатларингизни йўллашингиз мумкин.






