Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Обод қишлоқ” дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров, Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Мурод Давлатов, Транспорт вазирлиги йўл хўжалигини ривожлантириш бўлими бошлиғи Баҳодир Қорабоев, Ҳудудий йўлларни таъмирлаш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш мониторинги бошқармаси бошлиғи Отаназар Жуманёзов, Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Жалолов иштирок этди.
2019 йилда республикамиздаги 159 та тумандаги 478 та қишлоқда жойлашган кўп қаватли уй-жойларни мукаммал таъмирлаш режалаштирилгани маълум қилинди. Бунинг учун 92 млрд 269 млн сўм тижорат банклари кредит маблағлари, 37 млрд 527 млн сўм ташаббускор тадбиркорлар маблағлари ҳамда 30 млрд 149 млн сўм ҳомийлик маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.
Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, ҳозирга қадар “Обод қишлоқ” дастурига асосан 95 та болалар майдончаси қурилган ва 8 таси таъмирланган. Шунингдек, 410 та кўп қаватли уй-жой (192,6 минг кв.м том қисми, 865 та кириш йўлаги) таъмирдан чиқарилган, 533 та темир эшик ва кодли қулфлар ўрнатилган, 17 843 кв.м тротуарлар бетон қопламаси билан қопланган.
“Ичимлик суви таъминоти тизиминини яхшилаш мақсадида 478 та қишлоқда 2749 км дан иборат ичимлик сув қувурлари ва 452 та сув иншоотлари қурилади ҳамда реконструкция қилинади, — деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров. — Натижада 120 мингдан ортиқ аҳоли ичимлик суви билан таъминланади”.
Қайд этилишича, ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш жараёнини молиялаштириш учун “Сув таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш” жамғармаси ҳисобидан 316,9 млрд сўм ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан жорий йил 1 сентябрь ҳолатига 270,4 млрд сўм миқдорда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган.
Вазир ўринбосари 2019 йилнинг иккинчи ярим йиллигида 389,3 млрд сўм миқдорда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши ҳақида маълумот берди.
27.09.2019 21:05
120 мингдан ортиқ аҳоли қачон ичимлик суви билан таъминланади?






