АсосийJamiyat

Билимли, салоҳиятли, ватанпарвар, виждони пок, қалби уйғоқ ёшлар – юрт таянчи ва келажаги

'Билимли, салоҳиятли, ватанпарвар, виждони пок,  қалби уйғоқ ёшлар – юрт таянчи ва келажаги'ning rasmi

Президентимиз Шавкат Мирзиёевёш авлод тарбияси ҳақида “Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”, деб таъкидлаганлар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган устувор ғояларни ижтимоий ҳаётда қарор топтиришда ёшларни ватанпарвар, мард ва жасур, садоқатли ва ҳалол этиб тарбиялаш долзарб аҳамият касб этади.

Ушбу устувор вазифанинг моҳиятидан келиб чиқиб Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда.

Хусусан, ўтган бир ой давомида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан Андижон, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳридаўтказилган сайёр ўқув йиғинлари доирасидаҳудудий ички ишлар органлари билан ҳамкорликда жами 20 дан ортиқ умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда ташкиллаштирилди, уларда қарийб 2,5 мингдан зиёд ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Тарғибот тадбирларида ўқувчи ёшларга бугунги кунда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, Ватанимиз мустақиллиги учун курашган аждодларимиз ҳаётини тушунтириш ва ўрнак қилиб кўрсатиш, уларда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш кабилар амалий мисоллар орқали тушунтириб берилмоқда.

Хусусан, Ички ишлар вазирлигига қарашлиНавоий академик лицейидаўтказилган маънавий-маърифий тадбир“Ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат фазилатларини камол топтириш” мавзусига бағишланди.

– Лицейимизда ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир тенгдошларим қатори менда ҳам катта таассурот қолдирди, – дейди Ўзбекистон Республикаси ИИВ Навоий академик лицейининг 3-босқич ўқувчиси Азиза Райимова. –Институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат фазилатларининг моҳияти ва аҳамияти,тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ёшлар маъсулияти тўғрисида тушунчалар берди.Ёшларга юртимизда яратилаётган шароитлар, тинчликни қадрига етишимиз, тинчликни сақлашда нима ишлар қилишимизаниқ мисоллар билан тушунтирилди. Айниқса, Институт бошлиғининг шахсий кутубхонасидан лицей ўқувчилари учун тақдим этилган юридик адабиётлар мен каби китобсевар тенгдошларимни қувонтириб юборди. Мазкур маънавий-маърифий тадбир лицей ўқувчилари ёдида бутун умрга қолади, ташкилотчиларга катта раҳмат айтамиз.

Дарҳақиқат, халқимизга хос бўлган бундай инсоний фазилатлар ички ишлар органлари ходимлари фаолиятининг асосий мезони сифатида инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Навбаҳор ва Конимех туманларидагиумумтаълим мактабларида ўқувчилар билан ўтказилган учрашувда эса “Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти” ҳақида сўз юритилди. Мазкур тадбир доирасида ташкил этилган “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусидаги викторина эса мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотди.

– Биз дунё ҳавас қилаётган, тобора ривожланиб, йилдан-йилга обод бўлаётган мустақил Ватанимизда соғлом ва баркамол бўлиб улғаймоқдамиз, – дейдиНавбаҳор туманидаги5-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Сабина Қодирова. –Биз ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор, ғамхўрликларга ўз ютуқларимиз, халқимизга садоқатимиз, изланиш ва меҳнатимиз билан жавоб беришимиз, ишончни оқлашимиз шарт. Ушбу тадбир тенгдошларимизда Ватанимиз равнақи учун масъуллик ҳиссини янада оширди.

– Бугунги кунда юртимизда барча соҳалардакенг кўламли ўзгаришлар юз бермоқда. Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеи янада ортиб бормоқда,– дейди Конимех туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Азамат Усенов.
–Ватанимиз келажаги бўлган биз ёшларга Юртбошимиз раҳнамолигида катта эътибор қаратилмоқда. Биз тенги ёшлар турли фанлар бўйича жаҳон олимпиадаларида, спортнинг турли йўналишлари бўйича халқаро мусобақаларда юқори ўринларни эгалламоқда. Албатта, бу натижалар ўз-ўзидан бўлмайди. Асосий сабаби биз ёшларга яратилаётган шарт-шароитлардир.Бугун мактабимизда ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбири тенгдошларим қатори менда ҳам катта таассурот қолдирди.

Бинобарин, мамлакатимиз ёшларининг билим-заковатлари, интилишлари, шижоатларининг юксак бўлишида туб негизида таълим-тарбия ётади. “Нимани эксанг шуни ўрасан”,– дейди доно халимиз. Шундай экан, бугунги кунда ёшлар тарбиясига эътибор, давлатимиз ва жамиятимизнинг келажагига бўлган эътибор эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз ва бу йўлда барчамиз бирдай ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар