13 сентябрь куни Қозон кооператив институти базасида Ўзбекистон маданий-туристик маркази очилиши бўлиб ўтди. Марказни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов, Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консули Фариддин Насриев ҳамда Татаристон Республикаси Туризм давлат қўмитаси раиси Сергей Ивановлар расман очиб беришди.
Тадбирда шунингдек Татаристон Республикаси диломатик корпус, вазирликлар ва идоралари ҳамда РФ ТИВ вакиллари, шунингдек институт ўқитувчилари иштирок этишди. Марказ Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда илм-фан, таълим ва маданият тизимларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида хизмат қилади. Бу ерда талабалар Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, миллий анъаналари ва туристик салоҳияти билан танишишлари мумкин. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Марказга Ўзбекистон ва унинг алоҳида ҳудудлари, уларнинг тарихи, буюк олимларига оид маълумотларни жамлаган энциклопедия ҳамда қўлланмалар фойдаланиш учун тақдим қилинди.
"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" промо-тадбири доирасида Қозон кооператив институти ҳамда Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Ҳужжатда қўшма анжуманлар, симпозиумлар, конференциялар, тадқиқотлар ўтказиш ҳамда ўзаро академик алмашинувини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Мазкур битимнинг имзоланиши туризм соҳасида кадрларни тайёрлашда ўзаро тажриба алмашишга доир ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва биргаликдаги илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш йўлида хизмат қилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси делегацияси вакиллари, шунингдек, Қозон кооператив институтида таълим олувчи ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказиб, уларни янада сифатли билим олиш ҳамда Ўзбекистонга қайтгач, туризм соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшишга чорлашди. Тадбир сўнгида Татаристон ёшлари Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш, улар ўртасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш йўлида юртимизга таклиф қилинди.






