Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишини барвақт олдини олиш, жиноят содир этган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш, руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудий ички ишлар органларида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозими жорий этилган эди.
Айни пайтда, мазкур лавозимда фаолият кўрсатаётган ходимларга хизмат вазифаларининг мазмун-моҳиятини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини тушунтириш, уларнинг малакасини ошириш долзарб аҳамият касб этади.
Мазкур йўналишда ИИВ Малака ошириш институти ташаббуси билан жойларда туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлинмалари бошлиқлари, жиноят-қидирув бўлимлари тезкор вакиллари, тергов бўлинмаларининг терговчи ва суриштирувчилари учун ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспекторлар учун ҳам алоҳида семинар-тренинглар ташкиллаштирилмоқда.
Жумладан, Андижон ва Сирдарё вилоятларида ўтказилган семинар-тренингда ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларининг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда уларда белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш ҳақида сўз юритилди.
– Мен хизмат қиладиган 83 та маҳаллада 216 мингдан зиёд хотин-қизлар истиқомат қилади. Ҳудудимиз осойишталиги йўлида шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, кенг жамоатчилик вакиллари биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишини барвақт олдини олишга ҳаракат қилмоқдамиз, – дейди Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Хотин-қизлар масалари бўйича катта инспектори, капитан Барно Мирзаева. – Ўтказилган семинар-тренингда эса биз инспекторларнинг асосий вазифалари ва уларни амалга ошириш механизмлари, норматив-ҳуқуқий хужжатлар талаблари ҳақида олган билимларимиз хизмат фаолиятимизнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Институт профессор-ўқитувчилари кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан ҳам хабар олинмоқда.
– Турмуш ўртоғим билан 6 нафар фарзандни вояга етказдик, сўнгги 2 йил мобайнида оиламиз бошлиғи касал бўлиб тўшакка михланиб қолди. Маҳалламиз фаоллари, қўни-қўшнилар оиламга ёрдам беришмоқда, барака топишсин, – дейди Сайхунобод тумани “Гулистон” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила бекаси Марям Алиқулова. – Бугун хонадонимга ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларининг ташриф буюрганидан хурсанд бўлдим. Улар оиламдаги муаммолар билан қизиқишди, турмуш ўртоғим И.Алиқуловни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда даволашни туман ИИБ ва тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда ташкил этиш кўмаклашишни айтишди. Бундай савобли ишлар учун Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.
– Уч опа-сингил истиқомат қиламиз, онамиз 2016 йилда бетоблиги туфайли бевақт оламдан ўтди. 1998 йилда туғилган синглим Соҳибжамол Холматова 2-гуруҳ ногирони, уни даволаш, парвариш қилиш, рўзғор ташвиши бизни қийнаб қўйди, – дейди Андижон шаҳар “Бирлик” маҳалласида истиқомат қилувчи Ж.Холматова. – Мушкулларимизни осон қилишда Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Хотин-қизлар масалари бўйича катта инспектори, капитан Барно Мирзаева яқиндан ёрдам бермоқда, умрларидан барака топсин. Бугун ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларининг ташрифи эса бизни янада қувонтириб юборди. Чунки шаҳар ИИБ, тиббиёт бирлашмаси билан биргаликда синглимнинг соғлиғини тиклаш учун йўлланма тақдим этилди. Шунингдек, бошқа маиший муаммоларимиз хам тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиладиган бўлди.
Шунингдек, Андижон шаҳридаги “Гумбаз” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оилалар Н.Маҳкамова ва У.Қосимоваларнинг хонадонларидан ҳам хабар олинди.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, семинар-тренинглар, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати






