Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир”, деб таъкидладилар.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган устувор ғояларни ижтимоий ҳаётда қарор топтиришда ёшларни ватанпарвар, мард ва жасур, садоқатли ва ҳалол этиб тарбиялаш долзарб аҳамият касб этади.
Ушбу устувор вазифанинг муҳимлигидан келиб чиқиб ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда.
Хусусан, Андижон шаҳридаги 30-сонли умумтаълим мактаби, банк коллежи ҳамда Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги
39-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари билан ўтказилган учрашувда “Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти” ҳақида сўз юритилди.
Зеро, бугунги кунда мамлакатдаги тинчликнинг қадрига етиш, ватан мустақиллиги учун курашган ватанпарвар аждодларимизнинг фаолиятини ёшларга тушунтириш ва ўрнак қилиб кўрсатиш, уларда “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш давр талаби бўлиб ҳисобланади.
Айниқса, ўтказилган мазкур тадбирлар доирасида ташкил этилган “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусидаги викторина мактаб ўқувчилари катта қизиқиш уйғотди.
– Бугун мактабимизда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган маданий-маърифий тадбир, айниқса ўқувчилар ўртасида ташкил этилган викторина менда катта таассурот қолдирди, – дейди Сайхунобод туманидаги 39-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Севара Жолбекова.
– Ушбу викторина биз ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларини ва маданиятимизни оширишга хизмат қилди.
– Коллежимизда ўтказилган мазкур маънавий-маърифий тадбирда ватанпарварлик, адолат, мардлик ва жасорат, садоқат каби эзгу фазилатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти менда катта таассурот қолдирди, – дейди Андижон банк коллежининг 3-босқич ўқувчиси Мубина Мамадалиева. – Пойтахтимиздан келган соҳа мутахассислари ҳуқуқбузарликларни олдини олишда ёшлар масъулияти, айниқса ёшлар ўртасида учраётган ножўя ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка қаратилган викторина эса бизнинг билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Андижон шаҳрининг 30-сонли умумтаълим мактабида ҳам ўтказилган викторина ўйинларида қувчилар мавзуга бевосита боғлиқ савол-жавоблар бўйича ўзаро баҳслашиб, билим ва кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Муҳокама ва ўзаро савол-жавобларда ҳайъат аъзолари ўқувчиларнинг фаол иштироки ҳамда билимлари юзасидан ижобий фикр билдириб, юқори ўринларни эгаллаган жамоа аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, семинар-тренинглар, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати






