АсосийJamiyat

Тожикистонлик фуқаро Ўзбекистон чегараси ҳудудида яраланди

2014 йил 16 декабрь куни Сирдарё вилояти Ховос тумани Чамбил қишлоғида чегарачилар томонидан давлат чегарасидан 200 м ичкариликда икки нафар бегона одамларнинг юргани сезиб қолинган, дея хабар бермоқда 12news.uz.

Чегарачилар томонидан бегона шахслар тўхтатилган пайтда улар қочишга ва беркинишга уринишган. Уларни тўхтатиш мақсадида дастлаб юқорига огоҳлантирувчи ўқ отилган. Огоҳлантиришларга қарамасдан қочишда давом этган номаълум шахсларга нисбатан яна ўқ отилган. Натижада, қонунбузарларнинг бир нафари – Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Зафаробод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Шокир Холиқов яраланган. Биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиши ва касалхонага келтирилиши натижасида ҳозирда унинг аҳволи қониқарли эканлиги маълум қилинмоқда. Тезкор кўрилган чоралар натижасида иккинчи қонунбузар ҳам қўлга олинган.

Бу каби ҳолатларнинг келгусида яна содир этилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон чегарачилари тожикистонлик ҳамкасбларини мунтазам равишда чегара атрофида истиқомат қилувчи фуқаролар ўртасида тушунтириш-профилактика ишларини олиб боришга чақиради.

    Бошқа янгиликлар