АсосийJamiyat

Ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар фикрини ўрганаётган ёш раҳбар очиқлик принципида ишламоқчи

'Ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар фикрини ўрганаётган ёш раҳбар очиқлик принципида ишламоқчи'ning rasmi

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган ёш авлодни шакллантириш, ёшларни ташқи таҳдидлар ва “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш, ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳар томонлама кўмаклашувчи ташкилотдир. Унинг асосий мақсади ёшларни мамлакатда амалга оширилаётган демократик, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари қаторига кириши жараёнларига жалб қилиш, йигит-қизларнинг маънавий ва касбий савиясини юксалтириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдан иборат. Бу борада ёшлар ташкилотига қатор ваколатлар ва шарт-шароитлар яратиб берилган. Ёшларбоп креатив лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аммо кўпчиликни Иттифоққа берилган 200 миллиард сўмнинг қаерга, нима учун сарфланиши қизиқтиради. Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг раиси Алишер Саъдуллаев энди 4 та янгича тамойил асосида иш олиб бормоқчи. Бунинг натижасида ташкилот фаолиятига бўлган кўплаб саволлар ҳам ўз жавобини топади. Ёш раҳбар мазкур тамойилларни амалга оширишни ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар фикрини ўрганишдан бошлади.

—Мақсадимиз аниқ. Ёшларимиз билан 4 та асосий тамойиллар, яъни Очиқлик (Кадрлар ва Молиявий соҳаларда), Мулоқот (ёшлар хоҳиш ва таклифлари), Доимий изланиш, таҳлил этиш ва ривожланиш (ташкилот замон билан ҳамнафас, янгилик ва таклифларга доимо очиқ бўлиши) ва Қўллаб-қувватлашни белгилаб олдик, – дейди Алишер Саъдуллаев.

Ишлаб чиқилган 4 та тамойилга амал қилган ҳолда ёшларнинг таклифлар юбориши учун Gооglе формани йўлга қўйди.

Бундан ташқари, ташкилотнинг дастлабки тамойили бўлган кадрлар ва молиявий соҳалардаги очиқлик асосида энди Ёшлар иттифоқига ажратилган маблағларнинг қаерга қандай сарфлангани ҳақида молиявий ҳисобот тақдим этиб турилади. Ёшларнинг порлоқ келажаги учун сарфланаётган маблағ аниқ мақсадли, самарали лойиҳаларга ишлатилади.

—Ёшлар иттифоқидан яхши чақириқ бўлди. Айниқса, Очиқлик принципида ишламоқчи экани эътиборга молик, – деб ёзадижурналист Азиза Қурбонова ўзининг телеграмдаги каналида. —Ҳозирча ойлик, чораклик, молиявий ҳисоботни доимий тақдим этадиган бирор ташкилотни билмайман. Йил охиридаги матбуот анжуманларинингнафи кам. Чунки пул тасарруф этиб бўлинган бўлади. Бу ўз ўрнида бюджетдан молиялаштириладиган давлат ва нодавлат ташкилотлари учун яхши янгилик бўлади.

Кадрларни тайинлаш бўйича ҳам очиқлик тамойили жуда муҳим. Энди энг кичик бўғиндаги кадрлар салоҳияти ва малакасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Кадрлар малакасини ошириш бўйича керакли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилади. Натижада тизимдаги бошланғич ташкилот вакилларининг фаолияти самарадорлиги оширилади.

Яна бир тамойил эса ёшларнинг хоҳиш истаклари ва таклифларига қаратилган бўлиб, энди ташкилот ёшларни тинглайди. Иттифоқ уларнинг эзгуликка йўғрилган ташаббуслари ва долзарб таклифларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Бу борада очиқ мулоқотлар мунтазам равишда ташкил этилади.

Ёшлар иттифоқи ёшларнинг ишончи ва бирлиги орқали уларнинг манфаатини ҳимоя қиладиган, орзу-умидлари, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқара оладиган тизим бўлади.

Шаҳноза Нуруллева

    Бошқа янгиликлар