АсосийJamiyat

Ҳамжиҳатлик – тинчлик ва осойишталикни сақлашнинг гарови

'Ҳамжиҳатлик – тинчлик ва осойишталикни сақлашнинг гарови'ning rasmi

Шиддат билан тараққий этиб бораётган мамлакатимизда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлашда ҳар бир фуқаронинг дахлдорлик туйғусини ошириш долзарб аҳамиятга эга. Зеро, тинчлик ва барқарорлик бор жойда қут-барака бўлади.

Қолаверса, жаҳоннинг айрим минтақаларида нотинчликлар, хавф-хатар ва таҳдидлар, энг аввало, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётган бир пайтда, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ва маҳалласида бундай салбий иллатларнинг олдини олиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда, жамоатчилик зиммасига ҳам янги вазифаларни қўймоқда.

Бунинг учун аҳоли, айниқса ёшларнинг онгида жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга ҳурматда бўлиш каби фазилатларини сингдириш орқали уларнинг дунёқарашида ватанпарварлик ҳамда “Менинг маҳалламда жиноят содир этилмаслиги керак” туйғуларини мустаҳкамлашда давлат ва нодавлат ташкилотлар, фуқаролар йиғинлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлигини, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишни тақозо этади.

Ички ишлар органлари ходимларининг малакасини тизимли ва самарали амалга ошириш – давр талаби

Албатта, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашда ички ишлар органлари ва уларнинг самарали фаолияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Айни пайтда, шиддат билан ривожланиб бораётган давр талаблари барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари ходимларидан ҳам тинимсиз ўқиб-ўрганишни,
ўз устида ишлашни, билим ва савиясини, малакаларини доимо ошириб боришни тақозо қилади.

Бу борада Давлатимиз Раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда
2018 йил 23 августдаги “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Андижон ва Сирдарё вилоятларидаги туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, жиноят-қидирув бўлимлари тезкор вакиллари, тергов бўлинмаларининг терговчи ва суриштирувчилари, хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари таҳлил ва мувофиқлаштириш бўлинмалари ходимлари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинларида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳамда идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна” эканлиги мисоллар орқали тушунтириб берилмоқда.

– Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти томонидан ташкил этилган навбатдаги сайёр ўқув йиғини касбий билимларимизни янада мустаҳкамлаб олиш учун имкониятдир, – дейди Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлинмаси катта тезкор вакили, майор Сардор Ўринбоев. – Ўтказилаётган ўқув машғулотларида соҳага оид миллий қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини, уларни амалга ошириш механизмларини, давлат ва нодавлат ташкилотлар, фуқаролар йиғинлари билан ўзаро ҳамкорликни тўғри ташкил этиш йўлларини ўрганмоқдамиз.

Айни пайтда, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда “ҳудудлар тажрибаси”ни, хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги ижобий тажрибаларни соҳа ходимларига етказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан дарсларнинг замонавий педагогик технологиялар ва ўқитишнинг интерфаол усулларидан фойдаланган ҳолда ўтказилаётганлиги машғулотларнинг қизиқарли ўтишини таъминламоқда, – дейди Сирдарё вилояти Ховос тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси катта терговчиси, катта лейтенант Сирожиддин Қўзиев. – Эндиликда олдимизда турган асосий вазифа сайёр ўқув йиғинлари мобайнида олган билимларимиз келгусидаги хизмат фаолиятимизни самарали ташкил этишда қўл келади.

Ёшларда ватанпарварлик, мардлик ва жасорат, садоқат ва ҳалоллик каби фазилатларни мустаҳкамлаш йўлида

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир.” деб таъкидладилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган устувор ғояларни ижтимоий ҳаётда қарор топтиришда ёшларни ватанпарвар, мард ва жасур, садоқатли ва ҳалол этиб тарбиялаш долзарб аҳамият касб этади.

Ушбу устувор вазифанинг моҳиятидан келиб чиқиб Институт профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда.

Зеро, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади.

Хусусан, Ички ишлар вазирлигига қарашли Андижон ва Сирдарё академик лицейларида “Ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат фазилатларини камол топтириш” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда бўлғуси ички ишлар органлари ходимларида мазкур олижаноб фазилатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

– Ёшлар қалбига йўл топа билиш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари бўлиб етишларига йўл-йўриқ кўрсатиш, ўз Ватанига бўлган меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, маърифатни тарқатиш ҳар биримизнинг кундалик вазифасига айланмоғи лозим, – дейди Институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов.
– Шу боисдан ўтказилаётган ушбу маънавий-маърифий тадбирларда академик лицей ўқувчилари энг аввало, ички ишлар органлари ходимлари учун муҳим бўлган фазилатлар – адолат, одиллик, ҳалоллик, садоқат, сўз ва амал бирлиги, халққа хизмат қилиш каби эзгу тушунчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга ҳаракат қилмоқдамиз.

– Бугун ИИВ Малака ошириш институтининг етук олимлари ва профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган учрашув бизлар учун катта сабоқ бўлди,
– дейди Сирдарё академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси Моҳичеҳра Хурсанова. – Айниқса, биз бўлғуси ички ишлар органлари ходимлари қандай фазилатларга эга бўлишларимиз лозимлиги ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва тавсиялар бизда катта таассурот қолдирди. Шу каби учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар тез-тез ташкил этилса, биз учун фойдали бўлар эди.

– Мен таълим олаётган Ички ишлар вазирлигига қарашли Андижон академик лицейида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда пойтахтимиздан келган мутахассислар давлатимиз томонидан биз ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус ҳамда китобга меҳр қўйишнинг аҳамияти ҳақида тушунчалар берилганлиги биз учун муҳим йўл-йўриқ бўлди, – дейди мазкур лицейнинг 2-курс ўқувчиси Файзулло Хабибуллаев. – Биз билан ушбу учрашувни ўтказганликлари учун ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларига миннатдорчилик билдирамиз. Чунки, мазкур тадбирлар биз ёшларни ўз устимизда кўп ишлашга, интилишга ва изланишга чорлайди. Зеро, бундай инсоний фазилатлар ички ишлар органлари ходимлари фаолиятининг асосий мезони сифатида инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ҳамда ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, академик лицейлар ва умумтаълим мактабларида тарғибот тадбирлари ва маънавий-маърифий учрашувлар жойларда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар