Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда турли соҳага тегишли муаммоли масалалар сурат, аудио, видео шаклида тарқатилмоқда. Уларга тегишли соҳа мутасаддилари ўрганиб чиқиб, ўз муносабатини билдириб келишмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам бир неча шундай хабарларга ойдинлик киритди.
Қашқадарёда рўй берган ҳолат ўз тасдиғини топмади
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят1-сонли руҳий-асаб касалликлар диспансеридаги беморларнинг оғир шароитда даволанаётгани ҳақида видеолавҳа тарқалганди. Ушбу ҳолат юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда тегишли мутасаддилар иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди ва қуйидагилар аниқланди:
Вилоят 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансери 260 ўринга мўлжалланган бўлиб, 5 та махсус бўлим – марказий зарарсизлантириш, физиотерапия, клиник биохимия лаборатория хамда диагностика бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Барча хоналар зарур воситалар билан таъминланган, жумладан, беморлар учун алоҳида ўринлар, юмшоқ жиҳозлар мавжуд. Шунингдек, ҳар бир бўлимда алоҳида ювиниш хоналари ҳамда ҳожатхоналари ҳам бор. Бу ерда беморлар учун шифохона ошхонасида махсус оқатланиш менюси асосида кунига 3 маҳал иссиқ овқат тайёрланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, шифохона 2013 йилда капитал тамирдан чиқарилган ва бу ерда ҳар йили жорий таъмирлаш ишлари олиб борилади. Видеолавҳада акс этган ҳолатни ўрганиш мақсадида жорий йил 21 август куни вилоят прокуратураси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари томонидан тузилган ишчи гуруҳ тасвирда кўрсатилган ҳолат бўйича махсус текширув амалга оширилди. Ҳар битта палата алоҳида-алоҳида ўрганиб чиқилиб, бўлим ходимлари билан суҳбатлар ўтказилди. Натижада, видеолавҳада акс этган важлар ўз тасдиғини топмади.
Пахтаободлик чақалоқ уй шароитида ичак инфекцияси туфайли хасталанган
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Пахтаобод туманилик З. Зайнобиддиновнинг 2019 йил 17 июлда туғилган жияни Абдулазиз Исомиддиновга тиббиёт муассасасида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмагани туфайли бола комага тушгани ҳақида мурожаати тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги топшириғига кўра, Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан мазкур вазият ўрганилиб, қуйидагиларни маълум қилади:
Исомиддинов Абдулазиз 2019 йил 17 июль куни Пахтаобод тумани туғруқ комплексида туғилган. Онасининг ушбу чақалоққа ҳомиладорлик даври сурункали камқонлик ва ҳомиладорлик токсикози билан оғир ўтган. Шифохонада туғруқ жараёнида ва туғруқдан кейин она-болага малакали тиббий ёрдам кўрсатилган.
Чақалоқ туғруқдан кейинона сути билан озиқлантирилган. Боланинг аҳволи талаб даражасида бўлгани учун туғруқ мажмуасида тегишли эмлаш муолажаларини барчасини олган. 22 июль куни малакали мутахассислар иштирокида кўрикдан ўтказилганда боланинг аҳволи қониқарли баҳоланган ва ҳудуд патронаж ҳамшираси Н.Аҳмедова ҳамроҳлигида уйига рухсат берилган.
Бироқ орадан бир ой ўтмасдан, шу йил 20 август куни бола Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси болалар шошилинч реанимация бўлимига талваса тутиши, эмишдан бош тортишга шикоят билан олиб келинган. Бемор зудлик билан тиббий кўрикдан ўтказилиб, муолажа тайинланган. Шу билан бир қаторда, санитар авиация йўналишида вилоятдаги малакали невропатолог ва окулистлар ҳам болани кўрикдан ўтказган. Айни пайтда бола реанимация муолажаларини давом эттираяпти.
Шу ўринда айтиш керакки, чақалоқнинг бундай хасталикка чалинишига, яъни марказий нерв системасида қон айланишининг бузилишига мурожаатда айтилганидек, Витамин К олмагани сабаб бўлмаган. Бунга болада уй шароитда ичак инфекцияси юзага келгани асосий сабаб бўлиши эҳтимоли юқори. Шунинг ҳисобига қорин соҳасида кучли оғриқ бўлган ва талваса синдроми кузатилган. Бу эса дастлабки хулосаларга кўра, мияда қон айланиш системасининг бузилишини юзага келтирган. Натижада, бош мияда қон босими ортиб, боланинг аҳволи оғирлашган. Ушбу ҳолат бўйича боланинг ота-онаси ва қариндошларига тушунтириш берилди.
Бундан ташқари, тиббиёт муассасасида ўтказилган ўрганишлар жараёнида наркоз учун ишлатиладиган дори-дармонлар ва бошқа зарур шифо воситалари танқислиги ҳолати аниқланмади.
Навоийлик беморга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилган
Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган навоийлик 66 ёшли К.Б. шаҳар марказий шифохонасида зарур тиббий жиҳозлар бўлмагани сабаб вафот этгани ҳақида хабар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги топшириғига кўра, Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан текширув олиб бориб, қуйидагилар маълум қилинади:
Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи К.Б. биринчи маротаба шу йилнинг июнь ойида Навоий кон-металлургия комбинати тиббий санитария бўлимига қарашли катталар поликлиникасида онколог мутахассиси кўригидан сўнг тегишли таҳлиллар натижасига кўра, “Ходжкин лимфомаси” ташхиси билан диспансер назоратига олинган.
Илк таҳлил натижалари асосида бемор жарроҳлик бўлимида икки кун ётқизилиб (22-24 июль кунлари) I босқич химиятерапия даво муолажаларини ўтказган. Шундан сўнг, шифокорлар томонидан 5 августда кейинги – II босқич химиятерапия муолажаси учун стационар усулда ётиб даволаниши зарурлиги таъкидланган ва муолажа олиши учун йўлланма берилган.
Навоий кон-металлургия комбинати тиббий-санитария бўлими томонидан берилган маълумотларга кўра, бемор аҳволи оғирлашиб қолганлиги сабаб унинг яқинлари 3 август куни соат 09:15да тез ёрдам хизматига мурожаат қилган. Тез тиббий ёрдам шифокори томонидан К.Б. кўрикдан ўтказилган, керакли муолажа тавсия қилингандан сўнг, уйида қолдирилган. Эртаси куни ҳам шу ҳолат қайта такрорланган ва чақирувга келган тез ёрдам фельдшери томонидан тиббий ёрдам кўрсатилган.
Шу куни кеч соат 19:55да беморнинг аҳволи яна оғирлашганлиги сабабли қайта тез ёрдам чақирилган. Беморга шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдам кўрсатилган ва шифохонага олиб келиш вақтида К.Б. тиббиёт замбилида тез тиббий ёрдам машинасигача тушишдан бош тортган ва тиббиёт ходими ҳамда қариндошлари ҳамроҳлигида зинадан ўзи юриб тушган.
Бемор Навоий кон-металлургия комбинати тиббий-санитария бўлимининг қабул бўлимига олиб келинган. Навбатчи жарроҳ томонидан кўрилиб, терапевт кўригига тавсия этилган. Беморда оғриқ бўлганлиги сабабли даволаш стандарти бўйича оғриқ қолдириш мақсадида керакли инъекция тавсия этилган. Аммо К.Б. муолажадан бош тортган. Шунингдек, навбатчи шифокор томонидан бемор тиббий кўрикдан ўтказилганда нафас етишмовчилиги белгилари бўлмаган. 5 август куни режали равишда кейинги химиятерапия муолажасини олиши учун ётишга тавсия этилиб, уйига жавоб берилган.
Жорий йилнинг 4 август куни К.Б.нинг қизи томонидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Навоий вилояти филиали тез тиббий ёрдам хизматига қайта чақириқ берилган ҳамда чақириққа реанимацион бригада барча тиббий жиҳозлар билан жиҳозланган реанимобиль автомашинасида етиб борган. Махсус бригада шифокорлари беморни Ходжкин лимфомаси, бўйин лимфа тугунлари метастази, ўткир нафас етишмовчилиги ҳамда артериал гипертензиянинг 2-даража ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг Навоий вилоят филиалига 23:05да олиб келган. Беморнинг умумий аҳволини инобатга олган ҳолда шифокорлар томонидан зудлик билан реанимацион тадбирлар ўтказилган (реанимацион тадбирлар 35 дақиқа давом этган). Шунча саъй-ҳаракатга қарамай касалликнинг сурункали тусга ўтиб кетганлиги, унинг сўнгги босқичларда аниқланганлиги ҳамда бўйин, ўмров ва қўлтиқ ости лимфа тугунларининг зарарланиши оқибатида шу куни соат 23:40да К.Б.да биологик ўлим ҳолати қайд этилган.
Айни пайтда юқоридаги ҳолат юзасидан Навоий вилоят прокуратураси томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.






