Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси томонидан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида жойлашган Халқаро ёшлар оромгоҳида “ўзбек-афғон” дўстлик оромгоҳи ташкил этилди. Унда жами 21 нафар Афғонистон Ислом Республикасида таълим олаётган этник ўзбек талабалар, ёшлар ташкилоти ходимлари ва 15 нафар ўзбекистонлик фаол ёшлар иштирок этмоқда.
Дастлабки кун учрашувлар давомида ўзбек ва афғон ёшлари ўртасида “Тинчлик учун” ҳайрия акцияси ва Афғонистон Ислом Республикасида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ўзбек тилида фаолият юритаётган умумий ўрта таълим мактабларидаги этник ўзбек оила фарзандларига ўқув-қуролларини тарқатиш каби қатор саҳоват тадбирларини ўтказишга келишиб олинди.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ва Афғонистон Ислом Республикаси ёшлар ташкилоти вакиллари билан учрашувлар, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишув, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси фаолияти юзасидан тақдимотлар, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий мероси билан таништирувчи маъруза соатлари ҳамдаўзбек тили дарслари, саёҳат ва концерт дастурлари ташкил этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон тарихига оид маълумотлар берилиб, интерактив шаклда ўзбек тили ўргатилади. Ўзбек кинемотографиясининг олтин дурдоналаридан бири бўлган ўзбеккино (Ватан) га ташриф буюрилади. Бундан ташқари, “Дўстлик” футбол турнири,“Квест” ўйинлари ҳам ўтказилади.
Дўстлик оромгоҳи якунида афғон ва ўзбек ёшлари учун Сурхондарё вилоятининг тарихий обидаларига саёҳатлар уюштирилиб, Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази фаолияти билан яқиндан таништирилади. Оромгоҳ иши 23 сентябрга қадар давом этади...






