Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Иш билан банд бўлмаган фуқароларни пахта йиғим-терим жараёнига ихтиёрий равишда жалб этиш тизимини ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасини жойлаштирилди.
Лойиҳада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг Сирдарё вилоятида пахта йиғим-терим жараёнига ихтиёрий равишда жалб этиладиган меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларни дала марказларига жойлаштириш бўйича экспериментал лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги таклифларни маъқуллаш назарда тутилган.
«Дала марказлари меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларга, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва хусусий бандлик агентликлари томонидан Республиканинг турли ҳудудларидан муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш учун Сирдарё вилоятида пахтани йиғиб-териб олиш жараёни бўйича қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этиш учун ташкил этилади», — дейилган ҳужжат лойиҳасида.
Ҳужжат лойиҳасига Сирдарё вилояти ҳудудларида ихтиёрий равишда пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда қатнашадиган ишсиз фуқаролар учун дала марказлари дислокацияси илова қилинган.
а) яшаш учун санитария-гигиена ва маиший шароитлар:
ҳар бири 40 кишилик яшаш учун мўлжалланган 10та чодир, икки қаватли ётоқ ўрни, кўрпа-тўшаклар, чойшаблар, вентиляция тизими, иситиш анжомлари билан жиҳозланади;
ошхона чодири, 2та овқатланиш чодирлари ва стол-стуллар, овқат пишириш учун қозонлар, самоварлар, музлаткич, ичимлик суви учун идишлар, ошхона ва махсус идиш-товоқлар, озиқ-овқат етказиб бериш учун махсус термос идишлари;
40та ювиниш анжомлари ўрнатилган жой ва 12та иссиқ сув билан таъминланган душ кабиналари, 12 ўринли ҳожатхона, 10та чиқинди контейнерлари, доимий равишдаги сув таъминоти;
дала маркази ҳудудида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни ўтказиш учун тиббий инвентар ва дори-дармонлар ҳамда препаратлар билан жиҳозланган тиббий чодир;
видеопроектор, бадиий адабиётлар, турли хил стол ўйинлари билан жиҳозланган маданий-дам олиш чодирлари;
кунлик эҳтиёжлар учун зарур саноат товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотишга мўлжалланган чодирлар;
б) ташкилий-маъмурий бошқарув:
зарур техникалар (компьютер, принтер, нусха кўчириш мосламаси ва сканер) ва стационар мобил алоқа билан жиҳозланган ахборот-ресурс маркази;
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги вакили ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари бошчилигидаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, Қишлоқ хўжалиги бўлими, Молия бўлими, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, тижорат банки филиали, ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла) вакилларидан иборат камида 8 кишилик Ишчи гуруҳи тузиш;
кўпи билан 100 кишидан иборат пахта хом ашёсини териш бўйича отрядларни шакллантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида етарли билим ва тажрибага эга бўлган номзодларни отряд раҳбарлигига тайинлаш, Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойда белгиланган муддатларда ва миқдорларда иш ҳақини тўлаш;
пахта йиғим-терим жараёнида жалб қилинганларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида ҳар куни дала майдонларини аниқлаш учун учувчисиз ҳаво воситалари (дронлар) ёрдамида мобил гуруҳлар (3-4 киши) тузиш, отрядларни далага кундалик бориб-келиш логистикасини ташкил этиш;
Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан коммунал-маиший (электрик, сантехник, дурадгор) ва банк-молия хизматлари (кассир ва бириктирилган банк ходими) гуруҳини шакллантириш;
Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан собиқ ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларидан иборат жамоат тартибини сақлаш ва қўриқлаш (2-4 киши) гуруҳини ташкил этиш;
пахта теримчиларининг кундалик 3 маҳал овқатланишини, шу жумладан дала майдонига тушлик олиб бориш, шунингдек тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида озиқ-овқат ва кундалик истеъмол товарларини чакана нархларда сотишни ташкил этиш.
Иловаларда келтирилган жиҳозлар миқдори, молиявий миқдорлар ва келиб чиқиш манбалари ҳамда Ишчи гуруҳ аъзолари тасдиқланади:
- дала марказларини ташкил этиш учун зарур бўлган мол-мулк, мебел ва жиҳозлар рўйхати 2-иловага мувофиқ;
- дала марказларини ташкил этиш учун зарур бўлган молиявий маблағларни шакллантириш ҳажми ва манбалари 3-иловага мувофиқ;
- дала марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш Ишчи гуруҳи 4-иловага мувофиқ.
Мазкур қарорнинг 3-иловасига асосан тегишли идора ва жамғармалар ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Сирдарё вилояти Бандлик бош бошқармаси ҳузурида очилган махсус ҳисоб-рақамига белгиланган миқдордаги маблағларни ўтказиш чораларини кўриши белгиланган.
Сирдарё вилояти Бандлик бош бошқармасига дала марказларини ташкил этиш учун зарур бўлган мол-мулклар, мебел ва инвентарларни харид қилишни амалга ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларидан энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали ўз ҳудудида озиқ-овқат ва чакана савдо маҳсулотларини харид қилиш ташкил этилишини аутсорсингга бериш ҳуқуқи берилади.
Сирдарё вилояти Бандлик бош бошқармасининг дала марказларини қуриш учун очилган махсус ҳисоб-рақамига келиб тушадиган маблағлар ҳар қандай солиқ турларидан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
- Сирдарё вилояти ҳудудида ташкил этиладиган дала марказларига пахтани йиғим-терим жараёнида республиканинг бошқа ҳудудларидан иш билан банд бўлмаган фуқароларни ихтиёрий равишда жалб қилиш ишларини ташкиллаштириш вазифаси юкланади;
- дала марказлари фаолиятини молиялаштириш ва ташкил этиш чора-тадбирлари мувофиқлаштириб борилади ва тезкор назорати олиб бориладиЎзбекистон Республикаси Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчи корхоналардан зарурий техник жиҳозларни сотиб олиш юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатади.
- Сирдарё вилояти ҳокимлиги:
- дала марказларининг, айниқса, уларни маъмурий бошқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича самарали фаолиятини ташкиллаштиради;
- маҳаллий бюджет ҳисобидан дала марказлари жойлаштирилган ҳудудларда мунтазам равишда маиший чиқиндиларни тозалаш ва ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда ёнғин олдини олиш ишларини ташкил этади;
- Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан биргаликда дала марказларини ташқи ёритиш, шу жумладан чодирлар, санитария ва гигиения пунктларини электр таъминоти билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўради;
- Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда дала марказларини мобиль алоқа ҳамда интернет хизматлари билан таъминлаш ишлари тегишли мурожатга асосан ўрнатилган тартибда техник имкониятдан келиб чиққан ҳолда таъминлаш чораларини кўради;
- пахта теримчиларининг дала майдонларига кунлик бориб-келиши учун транспорт воситалари ажратади ва техника хавфсизлигига этибор қаратади.






