АсосийJamiyat

Эчкиэмарнинг бошига айиқнинг куни тушдими?

'Эчкиэмарнинг бошига айиқнинг куни тушдими?'ning rasmi

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани “Лангар“ МФЙ Тутли қишлоғида бир гуруҳ фуқаролар томонидан ёввойи айиққа нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлинган видео тарқалган ва кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган эди.

Кейинчалик вазиятга ойдинлик киритилиб видеодаги айиқ номаълум сабабларга кўра, қишлоққа келиб қолгани маълум қилинганди.

Жорий йил 2-3 июнь кунлари эса ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти ҳудудида нобуд қилинган эчкиэмар тўғрисидаги хабарлар ва ўлдирилган ҳайвон сурати кенг тарқалди.

Воқеага аниқлик киритиш мақсадида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан боғландик.

– Мазкур ҳолат Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида содир этилган. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари жорий йил 13 май куни Муборак тумани ҳудудида ўтказган навбатдаги экологик рейд давомида Қарши – Муборак – Бухоро авто йўлига яқин бўлган чўл ҳудудида номаълум фуқаро томонидан нобуд қилинган ёввойи эчкиэмар аниқланди, – дейди қўмита ахборот хизмати ходими Севара Давлатова. – Мазкур ҳолат бўйича инспекторлар воқеа жойида ҳайвонот дунёси объекти ҳисобланган судралиб юрувчи ёввойи эчкиэмарни кўздан кечириб, ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилган. Ҳозирда мазкур қонунбузарликни содир этган айбдор шахсга нисбатан тегишли чора қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Текширув натижалари ҳақида қўшимча хабар берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, деб кўрсатилган.

Бу эса ўз вақтида фуқаролар ер, сув, ўрмон, ер ости бойликлари, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси ва бошқа табиий захиралардан оқилона фойдаланишини, уларни тиклаш ва муҳофаза қилишни ҳамда ушбу мажбуриятни ўз вақтида бажаришни ҳам тақозо этади.

    Бошқа янгиликлар