“Вақф” фонди Рамазон ойида 1,8 миллиард сўмлик закот ва хайрия маблағларини ҳақдорларга етказди, дея хабар бермоқда Фонд матбуот хизмати.
Шундан, закот маблағлари ҳисобидан 263 нафар муҳтож инсонларга 405 миллион 730 минг сўм улашилди. Мамлакатимиз масжидларига 118 миллион сўмлик китоб тақдим этилди. Хайрия маблағлари ҳисобидан 173 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга тарқатилди.

Диний таълим муассасалари талабаларининг тўлов-шартномалари, масжид, мадраса ва зиёратгоҳлар, руҳий касалликлар шифохонаси учун 440 миллион сўм атрофидаги маблағлар сарфланди.
Фонднинг 14 та ҳудудий филиаллари томонидан Рамазон ойи давомида қарийб 700 миллион сўмлик закот ва хайриялар 6 мингга яқин ҳақдор инсонларга етказилди.
"Аллоҳ таоло улуғ ойда юртимиз мўмин-мусулмонларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғир кунларида кўмакчи бўлиш мақсадида, қўли очиқ инсонларнинг қилган эҳсонларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин. Рамазон ҳайити муборак бўлсин!", дейилади хабарда.







